Ўзбекистон | 18:46 / 28.11.2021
15742
13 дақиқада ўқилади

«Валюта шохобчалари нега дам олиш кунлари ишламайди?» — Блогерларнинг ҳафта мавзулари

Якунланган ҳафтада ҳам ўзбек блогосфераси қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Kun.uz блогерларнинг ҳафта мавзуларини тўплади.

Фото: Telegram/deputat_kusherbayev

Депутат долларни «қора бозор»да алмаштиришга мажбур бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев шанба кунги жонли эфирида Янгийўл шаҳрида мавжуд банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчалари дам олиш кунлари ишламаслиги муаммосини кўтарган ҳолда, нақд валюта маблағини қора бозорда айирбошлашга мажбур бўлгани ҳақида чиқиш қилган.

«Одамларнинг шанба кунлари кўпроқ бўш вақти бўлади ва нарса харид қилишга чиқиши мумкин. Туристлар ҳам вақти бўлса шу кунлари айланади. Лекин банкларимизнинг валюта айирбошлаш шохобчалари шанба ва якшанба кунлари ишламас экан. Марказий банк шу муаммони ҳал қилиб бермай шу пайтгача юрганига қойил қолсангиз бўлади», деди у.

У ўзи яшайдиган Янгийўл шаҳрида 100 долларлик купюрадан фақат 50 долларини алмаштириш учун банк шохобчаси қидирган. Нақд долларни алмаштирувчи ягона банкомат эса қайтим бермайди. Банклар депутатга дам олиш кунлари уларда тизим ўчишини маълум қилган.

«Мен ўзим хоҳламаган ҳолда «қора бозор»ни қидириб, 50 долларни қайтим билан олишим учун жиноятга йўл қўйиб, ноқонуний валюта айирбошлашим керак. Ҳозир менга гувоҳ бўлиб турасизлар деб, банкни вакилларини чақирдим.

Марказий банк мана шу шароитни қилиб бермагани учун фуқаролар жавобгар бўлиб кетадиган аҳволда турибди. Яъни Марказий банк яратиб қўйган тизими оқибатида «қора бозор» йўқолмаяпти. Шунча пайтдан бери жавобгар бўлиб кетган фуқаролар бўлса, ҳаммасининг номидан МБга каттадан катта раҳмат, шулар сабабчи бўлган.

Агар чет эллик турист келса, шанба якшанба куни расвоси чиқар экан. Мен Ўзбекистонда юриб, 1 соатдан бери шу аҳволда юрибман. Бу шармандалик-ку... Ишонгим келмайди. Наҳотки, шанба, якшанба куни кассаларни, айирбошлаш шохобчаларини ишлатиб қўйиш қийин?» деган депутат.

Расул Кушербаев кейинроқ, гувоҳлар иштирокида «қора бозор»дан 100 АҚШ долларининг 50 долларини сўмга алмаштириб олганини маълум қилди.

«Айтганимдек, гувоҳлар иштирокида «қора бозор»дан 100 АҚШ долларининг 50 долларини миллий сўмга алмаштириб олдим. Қизиғи алмаштириб бўлганимдан сўнг, Ҳамкорбанкдан чиқишди. Бироқ «уже» кеч.

Ҳолатдан хулоса шуки, ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт. Бўлмаса адолат нуқтайи назаридан жавобгар шароит яратмаган томоннинг бўйнида бўлади», деди депутат.

Ечим борми?

Иқтисодчи Отабек Бакиров Telegram каналида юқоридаги вазиятга муносабат билдириб, муаммонинг ечими борлигини, у бутун дунёда ишлашини, бироқ, «ўта ижтимоийлашган мақсадлари бор» Ўзбекистонда ишламаслиги ҳақида ёзди.

«Олдиндан айтиб ўтиш керак, Кушербаев юз фоиз ҳақ, истеъмолчи, мижоз сифатида ҳам, сайловчиларидан мандат олган депутат сифатида ҳам. Қани энди ҳар бир депутат шундай бўлса.

Масаланинг тартибга солиш талабларига тўхталмаган ҳолда, нега тижорат банклари шанба-якшанба кунлари, ёки масалан кечки ва тунги вақтларда айирбошлаш шохобчаларини ишлатмаслиги сабабларига тўхталмоқчи эдим. 

Биринчидан, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда ходимларни камида 2 карра ҳақ тўлаб жалб қилиш керак бўлади. Бу кассирларга ҳам, назоратчи, қўриқчи ва инкассацияга ҳам тааллуқли. Яъни шохобчаларнинг дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда ишлаши меҳнат сарфи ўртача 2 баробар юқори.

Иккинчидан, дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда айирбошлаш операциялари ҳажми бошқа вақтдагига нисбатан каррасига кам. Бу тажриба, амалиёт ва кузатувлар тарзида аниқланган ҳолат. Валюта операцияларига энг асосий талаб ҳосил қилувчилари - моккилар, ўрта ва майда тадбиркорлар, ёш, технологик мижозлар операцияларини ё иш кунлари ўтказишади, ёки дам олиш кунлари эса улар онлайн тарзда операция ўтказишни маъқул кўришади. Чунки улар учун шу қулай ва афзал.

Кўряпсизки, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда айирбошлаш шохобчаларининг харажатлари каррасига кўп, даромадлари каррасига кам, молиявий натижа эса доим манфий. Яъни уларнинг бу вақтда ишламаслигининг асл сабаби соф тижорий нуқталарга бориб тақалади.

Ечим йўқми, дейишингиз мумкин. Йўқ, ечим бор. Бу ечим бутун дунёда амалда. Фақат биз ўта ижтимоийлашган мақсадларни ўз олдимизга қўйганимиз учун бу йўлдан юришга доим ҳадиксираймиз.

Ечим - бозор.

Одатда бутун эркин дунёда ва айниқса туристик мамлакатларда айирбошлаш шохобчалари дам олиш кунлари ва тунги вақтларда валютани жуда арзон сотиб олади ва жуда қиммат сотади. Шу билан ўзининг маржиналлигини таъминлайди. Шартли айтсак, иш куни долларни 10750 сўмдан сотиб олаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10650 сўмдан сотиб олади. Худди шундай, иш куни долларни 10800 сўмдан сотаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10900 сўмдан сотади. Шу билан ҳажм камлигидан ютқазадиганини курс фарқи орқали қоплайди.

Дунёнинг исталган мамлакатида тунда аэропортдан тушганингизда энг ноқулай курсларга рўпара бўласиз, меҳмонхоналарда ҳам шундай.

Нега бизда бундай қилинмайди? Сабаби оддий, ижтимоий омиллар сабаб банклар минимал маржиналликни, қисқа коридорни ушлаш йўлидан юришади. Табиийки ўзларининг қадамларига ўзлари қурбон бўлишади.

Сиз дам олиш кунлари валютангизни, масалан 100 сўм арзонроққа сотиб, валютани 100 сўм қимматроққа сотиб олишга тайёрмисиз?» дея савол билан юзланди блогер.

«Валюта айирбошлаш ҳуқуқини ҳаммага бериш керак»

Яна бир иқтисодчи блогер Беҳзод Ҳошимов валюта айирбошлаш ҳуқуқи фақат банкларга берилгани тўғри эмаслиги ҳақида ёзди.

«Валюта айирбошлаш унчалик кўп назоратни талаб этмайдиган фаолият тури. Банк ишидан анча фарқланади. Банк иши назоратга муҳтож специфик жойлари мавжуд, валюта айирбошлашда бундай хусусият йўқ.

Нима учун фақат банкларга бу ваколат берилгани, шахсан менга тушунарсиз. Худди шундай, агар масалан, фақат почта шохобчаларида валюта айирбошлаш ҳуқуқлари бўлганида ҳам, албатта, менга худди шундай таажжубли бўлар эди.

Бозордаги бундай вазият одатда «назоратли эгаллаб олиниш» дейилади ( regulyatory capture) яъни назорат орқали, давлат кучини назорат ишлатган ҳолда бозорда рақобатни чеклаш. Бундай ҳолатларни, афсуски кўп кузатганмиз. Масалан, специфик корхонага, специфик сабабларга кўра қандайдир фаолият тури билан шуғулланишга имкон берилиб, бошқаларга, назорат сабаблари туфайли ўша фаолият билан шуғулланишга чеклов қўйилишига айтилади», деб ёзди у.

Иқтисодчи валюта айирбошлаш ҳуқуқини ҳаммага бериш ҳам ликвидлик бериши, ҳам рақобат кўп бўлгани учун хизмат сифатини оширишини таъкидлаган.

«Ўша гап ҳали ҳам актуал. Биржадаги ва бозордаги валюта савдогарлари биз учун жуда муҳим ва олийжаноб иш қилишлари мумкин бўлиши керак деб ўйлайман. Яъни чиндан ҳам ечим бозор. Бозор иқтисодиётига ўтишни бошласак яхши бўлар эди. Ҳар соҳада», дейди у.

Параллел Ўзбекистон

Блогер Хушнудбек Худойбердиев блокланган тармоқлар туфайли вазирлар-у амалдорлар ишдан кетганига қарамай, ҳамон Twitter, Tik-Tok, Wechat каби тармоқлар блокда қолаётганига эътибор қаратди.

«Тақачилар қандай ишлашини ҳеч кўрганмисиз? Интернетда кўплаб тақачиларнинг ўз блоги бор. Видеолари жуда қизиқ, бу касбнинг ҳам биз билмаган кўп синоатлари борлигини кўрса бўлади.

Ўзи умуман бизда ҳам шу каби қизиқ ва камёб касб эгалари блог юритишни бошлаши керак. Бу одамларга анча қизиқ ва фойдали бўлади.

Айтганча, мен бу видеоларни Ўзбекистонда блокланган TikTok тармоғида VPN иловаси орқали кўрдим. Telegram, Facebook’ни блоклашганда роса ваҳима кўтарилди, вазирлару бошқа амалдорлар ишдан кетди, блокланган тармоқлар бир неча соатда қайта очилди. Лекин июнь ойида блокланган Twitter, TikTok, Wechat каби тармоқлар ҳалигача блокда турибди. Қандайдир ғалати, параллел Ўзбекистон», деб ёзди блогер.

«Солиқларим қаерга кетяпти?»

Иқтисодчи Ботир Қобилов ҳар йили фуқаролар бюджет лойиҳаси билан танишиши нақадар муҳимлиги ҳақида ёзди.

«Эркинлик ва ривожланишнинг гарови битта саволда ва унга жавоб излашда ётади: Солиқларим қаерга кетяпти, нималарга сарфланяпти?

Фуқаролар учун энг муҳим ахборотнома — ҳар йилги бюджет билан танишиш. 2022 йилгиси бу ерда.

Бунда сигарет ишлаб чиқарувчи корхонанинг давлат бюджетидаги улуши автомобил йиғувчи корхонадан икки баробар кўплигидан ташқари бошқа маълумот ҳам қизиқ. 2022 йилги давлат бюджети тушумларининг учдан бир қисми энергетика+металлургия секторидаги давлат корхоналари ҳиссасига тўғри келар экан», дейди у.

Иқтисодчи бюджет лойиҳасидаги муҳим жиҳатларга тўхталар экан, субсидияларни кескин қисқартириш, улардан воз кечиш кераклигини таъкидлайди.

«Ўзбекистон 2020 йилда энергия субсидияси учун 3.8 миллард доллар ишлатган. Албатта, бу 2017 йилги 5.6 миллиард ва 2018 йилги 9 миллиард доллардан камлигини эътироф этиш керак. Субсидияларни кескин қисқартириб улардан воз кечиш мақсадга мувофиқ. Бензин нархи атрофидаги барча мулоҳазаларда мана шу рақамларни инобатга олиш жуда муҳим.

Бошқача қилиб айтганда, биз ялпи ички маҳсулотимизнинг 6.6 фоиз қисмига тенг маблағни энергия субсидиясига ишлатар эканмиз. 2020 йилда фақат Венесуэла (6.8 фоиз) ва Ливияда (15.1 фоиз) бу кўрсаткич юқорироқ бўлган. Агар киши бошига чақсак, 2020 йилда, ҳар бир кишига 112 доллар субсидия тўғри келган экан. Агар биздан анча бойроқ мамлакатларга солиштирсак, бу жуда кўп, масалан, Россияда 101 доллар, Индонезияда 25, Малайзияда 3, Жанубий Кореада эса киши бошига 1 доллар субсидия.

Энергетика соҳасига субсидияларни бошқа соҳаларга харажатлар билан (масалан таълим, тиббиёт) солиштиришни ўқувчига қолдираман», деб ёзди у.

Электр энергия истеъмоли ва фаровонлик ҳақида

Отабек Бакиров мамлакатларнинг фаравонлик даражаси энергия истеъмоли билан боғлиқлиги ҳақида ёзди.

«Расмий статистикамизга кўра, 2020 йил якунлари бўйича жон бошига электр энергияси истеъмоли 2 минг кВт/соатни ташкил этган. Эътиборлиси, 20 йил аввал 2000 йилда ҳам жон бошига электр истеъмоли 2 минг кВт/соатдан иборат бўлган.

Ҳақиқат учун айтиш жоизки, 2008-2016 йилларда бу кўрсаткич 1,8 минг кВт/соатгача пасайиб кетган.

Ҳудудлар қирқимида олинганда энг кўп электр ишлатилиши Навоий вилоятига тўғри келади. Жон бошига 7,9 минг кВт/соат. Энг кам электр истеъмоли эса Қорақалпоғистонда: жон бошига 0,7 минг кВт/соат. Электр истеъмоли ҳажмига қараб мамлакатимизнинг энг бой ва энг қолоқ ҳудудларини аниқлаш мумкин.

Чунки электр энергия истеъмоли ва турмуш даражаси сифати юқори даражада тўғридан тўғри боғлиқликка эга», деб ёзди иқтисодчи.

У Ўзбекистон энг кам электр истеъмол қиладиган ва энг қашшоқ мамлакатлар рўйхатидан жой олганини таъкидлади.

«Масалан, солиштириш учун, Қозоғистонда жон бошига электр энергия истеъмоли 5,8 минг кВт/соатни, Россияда 7,2 минг кВт/соатни, Грузияда 3,3 минг кВт/соатни ташкил этади. Бу борада пешқадамлар Исландия, Норвегия ва Канада мамлакатларидир. Жон бошига энг кўп электр энергия истеъмол қиладиган 50 мамлакат ва энг бой 50 мамлакат рўйхати корреляцияси 80 фоиздан зиёд.

Энг кам электр истеъмол қиладиган 50 мамлакат ва энг қашшоқ 50 мамлакат корреляцияси 66 фоизга яқин. Афсуски бу рўйхатга биз, Ўзбекистон ҳам кирамиз.

2030 йилга бориб жон бошига ЯИМни 4 минг долларга етказиш режалаштирилган, бу вазифа электр ишлаб чиқариш ва истеъмолини оширмасдан рўёбга чиқмайди.

Очиқ бозор ва эркин нархлар платформасига ўтмай туриб электр энергия генерациясини ошириш намунаси мавжуд эмас.

Фақат бозор принциплари тўлиқ амал қиладиган мамлакатдагина энергия ишлаб чиқариш ошиб боради, табиийки унинг ортидан иқтисодий фаровонлик юксалиши юз беради», деб ёзди у.

Мавзуга оид