Жаҳон | 15:15 / 29.11.2021
7291
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ “омикрон” штамми хавфини жуда юқори деб баҳолади

Қайд этилишича, янги штаммнинг мураккаблиги унда мутацияларнинг кўплигида бўлиб, мавжуд вакциналар бу штаммга қарши қанчалик самарали эканлиги номаълум.

Фото: Reuters

Коронавируснинг “омикрон” штамми касалликнинг қайтадан авж олишига сабаб бўлиши мумкин, деб маълум қилди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

ЖССТнинг қайд этишича, янги штаммнинг мураккаблиги унда мутацияларнинг кўплигида бўлиб, мавжуд вакциналар бу штаммга қарши қанчалик самарали эканлиги номаълум.

"Мазкур хусусиятлардан келиб чиқиб, келгусида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари авж олиши мумкин. Янги “омикрон” штамми билан боғлиқ хатар жуда юқори деб баҳоланмоқда", - дейилади ЖССТ хулосасида.

Шунингдек, ташкилот эмлаш суръатларини тезлаштиришга чақирди.

Ҳозирда ЖССТ “хавотирли” штаммлар сирасига 5 та штаммни киритган, булар: альфа, бета, гамма, дельта ва омикрон. Вируснинг охирги омикрон штамми ҳақида жанубий африкалик мутахассислар маълум қилишди. Ҳозирда янги штамм билан касалланиш ҳолатлари ЖАРдан ташқари, Британия, Бельгия, Германия, Нидерландия ва Исроилда қайд қилинган.

ЖССТ маълумотига кўра, “омикрон” деб номланган B.1.1.529 штамми илк марта 24 ноябрь куни ЖАРда аниқланган.

Янги вариант 32та мутацияга эга. Вирусологларнинг қайд этишича, вирус мутацияларининг кўплиги жуда жиддий муаммо.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид