Қорақалпоғистондаги ўрмонзорда содир бўлган ёнғин ўчирилди
Бир муддат олдин Қорақалпоғистондаги тўқайзор ўрмон уч кундан бери ёнаётгани ҳақида хабар бергандик.
Ҳолат юзасидан ФВВ расмий маълумот берди. Маълум бўлишича, 27 ноябр куни соат 17:30да Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ФВБга қуйи Амударё давлат биосфера резервати ўрмонзорида (“Амударё” дарёси иккига ажралган ва қайта қўшилган жойи оралиғидаги оролча) ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Ёнғин-қутқарув экипажлари соат 19:10да ёнғинни ўчириш ишларига киришган. (Туман ёнғин-қутқарув қисмидан ёнғин содир бўлган жойгача масофа тахминан 47 км. ни ташкил этади). 28 ноябр куни соат 05:15да ёнғин қуршаб олиниб, 08:04да ўчирилган.
Қайд этилишича, ёнғин содир бўлган жойда қайта ёнғин ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида, воқеа жойига 5та ёнғин-қутқарув экипажи, Минтақавий қутқарув отрядидан 1та бўлинма ва ёрдамчи техникалар, 2та булдозер, 2та погрузчик, 2та сув ташувчи машиналар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ФВБдан 50 нафар, Ўрмон хўжалигидан 20 нафар, Қорақалпоғистон Экоқўмитасидан 5 нафар, туман Ободонлаштириш бўлимидан 20 нафар, жами 95 нафар ходим жалб этилган. Улар офатга қарши курашиш учун жойида қолдирилиб, 3 гуруҳга бўлинган ҳолда, кеча-кундуз навбатчилик йўлга қўйилган.
Кутилмаганда ёнғин қолдиқлари қайта аланга олган ва 29 ноябр куни соат 10:25лaр атрофида ўчиришга киришилиб, 30 ноябр куни соат 03:30дa ўчиришга эришилган.
Қўшимча қилинишича, ёнғиндан жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. “Назархан” овул фуқаролар йиғинидан ёнғин содир бўлган жойгача масофа тахминан 8 км. ни ташкил этади.
Ҳозирда келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда. Воқеа жойида ҳамкор вазирлик, идора ва хизматлар куч-воситалари навбатчилик олиб бормоқда, дейилади расмий муносабатда.