Жамият | 15:41 / 02.12.2021
6205
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро театр ҳафталиги бошланди

Пойтахт театрларида жорий йилнинг 30 ноябридан 7 декабрига қадар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Болтиқбўйи ва Грузия давлатлари иштирокида “Ёшлар театр санъати” форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу форум илк бор 2012 йилда Кишинев шаҳрида (Молдова), кейин 2015 йил Минск (Беларус)да ва 2018 йил Ереван (Aрманистон)да ўтказилган бўлса, бу галги форумга Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда.

Форумда Aрманистон, Эстония, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Украина, Россия, Молдова, Беларус, Тожикистон, Озарбойжон каби давлатлардан ташриф буюрган қатнашчилар экспертлар кенгаши томонидан танлаб олинган спектакли билан иштирок этади.

Шунингдек, форум доирасида “Таълим дастури” амалга оширилади. Унда ёш театр ижодкорларига ўз касбий тажрибалари билан ўртоқлашиш имконини беради. Форум иштирокчилари “Таълим дастури” лабораториясида малакали режиссёр, актёр ҳамда театр танқидчиларидан маҳорат дарсларини олиб, форум давомида ягона спектакл устида ижод қилишади. Форум якунида эса мазкур спектакл томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Мавзуга оид