Жаҳон | 11:16 / 03.12.2021
10577
2 дақиқада ўқилади

АҚШ модернизация қилинган атом бомбасининг илк серияли нусхасини ишлаб чиқарди

АҚШ модернизация қилинган атом бомбаси B61’нинг илк серияли нусхасини ишлаб чиқарди. Бу ҳақда АҚШ энергетика вазирлиги ҳузуридаги ядро хавфсизлиги миллий бошқармаси маълум қилди. 

Фото: middleeas

Бошқарма баёнотига кўра, гап B61-12 бомбаси ҳақида бормоқда ва у 23 ноябрда ишлаб чиқарилган. Бомба 1968 йилда қуролланишга олинган B61’нинг ҳозирда мавжуд бўлган 4 та модификациясидан 3 тасининг — B61-3, B61-4 ва B61 ўрнини эгаллайди. Бомбанинг модернизация қилиниши эвазига унинг яроқлилик муддати камида 20 йилга ошган. B61-12’нинг тўлақонли серияли ишлаб чиқарилиши 2022 йил майда бошланиши, барча зарур ядро жанговар каллаклари ишлаб чиқарилиши эса 2026 молиявий йилда якунланиши режалаштирилмоқда.

B61-12 бомбаси аввалги модификацияларидан парашюти йўқлиги ва дум қисмида қўллаш аниқлигини оширувчи инерциал нишонга олиш тизими борлиги билан фарқ қилади. Маълумотларга кўра, бомбанинг тротил эквивалентидаги кучи ҳам камаяди. Модернизация натижасида бомбанинг барча ядро ва ноядро компонентлари янгиланган ёки ўзгартирилган.

B61-12’нинг илк синови 2015 йил 1 июлда ўтказилган. Ўшанда америкалик мутахассис Ганс Кристенсен АҚШ илк бошқарилувчи атом авиабомбасини ишлаб чиқаётганини айтган.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш инсоният ядровий ҳалокат ёқасида турганини айтганди. “Бутун дунёда 14 мингга яқин ядро қуроли сақланмоқда. Инсоният ҳамон ядровий ҳалокатга жуда яқин турибди”, деб айтган бош котиб. У, шунингдек, ҳозирда ўзаро ишонч ва тинчликнинг янги даврини бошлаш учун ядро қуролини йўқ қилиш фурсати келганини қўшимча қилган.

Мавзуга оид