Ўзбекистон | 05:53 / 04.12.2021
9014
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Хитойга қуруқ мева экспортини кўпайтирмоқчи

Фото: east-fruit.com

Ўзбекистон Хитойга кўплаб турдаги қадоқланган қуруқ мева экспортини кўпайтириш устида ишламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси Kun.uz’га маълум қилди.

Хитой қайта ишланган мева-сабзавотлар, майиз ва дуккакли маҳсулотлар истеъмоли бўйича жаҳонда етакчилардан ҳисобланади. Мамлакат мева-сабзавотга бўлган ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида хорижий мамлакатлардан кўп миқдорда қуритилган мева ва ёнғоқ импорт қилади.

Ўзбекистон Хитойга ерёнғоқ, грек ёнғоғи, қуритилган ўрик, унинг данаги, майиз ва бошқа бир қанча қуритилган меваларни етказиб беради. Хусусан, Ўзбекистоннинг Хитой майиз импортидаги улуши 40 фоизни ташкил қилиб, бу Хитойнинг импорт шериклари орасидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бироқ хитойлик импортчилар ушбу майизларни мамлакати ҳудудида қайта ишлаш мақсадида асосан 10-25 кг.лик қутиларда, қадоқланмаган ҳолда сотиб олади.

Хитойда қайта ишлаб қадоқланган маҳсулотлар бозори ривожланиб бормоқда. Бундай турдаги маҳсулотлар юқори гигиена стандартларига жавоб бериши ҳамда истеъмолчиларнинг турли эҳтиёжларини қондира олиши туфайли харидорлар томонидан ижобий кутиб олинади.

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда Хитойнинг йирик шаҳарларида олиб борилган реклама тадбирлари Ўзбекистонда тайёрланган тайёр маҳсулотларни йирик Хитой бозорига олиб чиқиш имконини берган. Хусусан, Хитой компанияси билан тузилган шартнома асосида Тошкентда фаолият юритадиган «Cherry-pick Production» МЧЖ Ўзбекистоннинг VITA BOOM бренди остида ҳар бири 200 граммдан қадоқланган турли хилдаги ёнғоқ ва қуритилган меваларни Хитойга етказиб беришни бошлади. Тайёр маҳсулотларни харидорга сотишни тезлатиш мақсадида «Uzbekistan Airways» томонидан синов партияси етказиб берилган.

Электрон савдо майдончалари истеъмолчиларга маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати билан боғлиқ хавотирларнинг мавжудлиги туфайли халқаро савдо белгисига эга хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишга имкон яратади. Электрон савдо майдончалари ишлаб чиқарувчилар учун кенгроқ қамров ва самарали маркетинг имкониятларини ҳам тақдим этади.

Айни дамда «Made in Uzbekistan» ёзуви остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Хитойнинг машҳур электрон савдо майдончаларига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига кўра, бу Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи қуритилган мева ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун маҳсулотларини жаҳоннинг энг йирик бозори ҳисобланган Хитойга етказиб бериш бўйича янги имкониятлар очади.

Мавзуга оид