Жаҳон | 21:46 / 06.12.2021
19448
8 дақиқада ўқилади

Путин ва Байден мулоқоти арафасида. Америка Россияни кўндирадими?

АҚШ президенти Жо Байден ва Россия етакчиси Владимир Путин Украина атрофидаги кескинлик фонида сешанба куни видеоалоқа орқали мулоқот ўтказади. Икки сиёсатчининг сўнгги расмий мулоқоти 9 июль куни бўлиб ўтганди.

Фото: EPA

Ўтган ҳафтада АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлашга тайёргарлик кўраётгани бўйича далиллар борлиги ҳақида маълум қилганди.

«Биз билмаймиз - президент Путин бостириб киришга қарор қиладими, йўқми. Лекин биламизки, агар шундай қарор қабул қилинса, у буни қисқа муддатда амалга оширишни таъминлайди. Шунинг учун, ниятлар ва муддатлар ноаниқлигига қарамай, биз барча кутилмаган ҳолатларга тайёр бўлишимиз, шу билан бирга, Россияни курсни ўзгартиришга кўндириш устида иш олиб боришимиз керак», деган Блинкен НАТО давлатлари вакиллари билан учрашув чоғида.

Россия эса доимий равишда шундай режалари борлиги ҳақидаги хабарларни рад этиб келмоқда ва Украинанинг ўзини чегарадаги ҳарбийлари сонини оширишда айбламоқда.

Шанба куни кечқурун эълон қилинган баёнотда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Байден бўлажак мулоқот давомида «АҚШ Россиянинг Украина билан чегарадаги фаоллашувидан ташвишдалиги ва АҚШ Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаши» ҳақида айтган.

Оқ уй баёнотига кўра, икки етакчининг мулоқотида стратегик барқарорлик, киберхавфсизлик ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Украина ҳукумати Россия ғарбий чегараларига 94 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи жойлаштиргани, шунингдек, зирҳли техникалари ва радиоэлектрон қурилмаларини чегара томонга йўналтирганини тасдиқламоқда.

Бу россиялик ҳарбийлар чегарада 2014 йилда Қрим босиб олинган даврдан кейинги энг йирик тўпланишидир.

Россия қўшинлари Украина чегарасида тўпланиши билан боғлиқ ҳолат шу йил баҳорида ҳам кузатилганди. Путин ва Байденнинг июнь ойида Женевада учрашиши бўйича келишувга эришилгач, россиялик ҳарбийларнинг катта қисми чегара ҳудудларидан олиб кетилганди.

Қатор экспертлар фикрича, Украина чегаралари яқинида ҳарбий кескинлик юзага келтириш орқали Кремль икки етакчининг мулоқоти арафасида Америка администрациясини Минск келишувлари бажарилиши бўйича Украинага босим ўтказишга кўндиришни мақсад қилган.

Ҳужум январь ойи охиригами?
Шу кунларда Associated Press агентлиги Америка разведкаси маълумотларидан хабардор бўлган Байден администрациясидаги манбасига таянган ҳолда, россияликларнинг Украинага бостириб кириши 2022 йил бошида рўй бериши кутилаётгани ҳақида хабар қилди. Агентлик маълумотига кўра, бу амалиёт учун 175 минг ҳарбий хизматчи жалб этилиши режалаштирилган ва уларнинг қарийб ярми чегара бўйлаб жойлаштириб чиқилган.

Бу кузда Россия босиб олинган Қримда кенг кўламли ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказди, унда соҳилга денгиздан десант тушириш амалиёти ҳам машқ қилинди. Фото: SERGEI MALGAVKO/TASS

Агентлик манбаси маълумотига кўра, режалар зирҳли техника, артиллерия ва бошқа қурилмаларни ўз ичига олган 100та батальонни кўчиришни кўзда тутади.

Ўз навбатида, Washington Post газетаси гўёки Америка администрациясидаги манба томонидан тақдим этилган разведка харитасини эълон қилди, унда Украина билан чегара яқинига янги олиб келинган танк бўлинмалари ва артиллерия қисмлари жойлашуви акс этади.

Бу харитага кўра Украина чегаралари яқинида 70 минг атрофида ҳарбий жойлашган, яъни шу вақтгача Украина мудофаа вазирлиги айтиб келаётган рақамлардагидан камроқ.

Washington Post қўлга киритган харитада Украина чегаралари яқинида тахминан 70 минг россиялик ҳарбий жойлашгани кўрсатилган.
Фото: WASHINGTON POST

Аввалроқ Украина мудофаа вазири Алексей Резников разведка маълумотларига таянган ҳолда Россия январь ойи охирида ҳужум бошлашни режалаштираётгани ҳақида айтганди.

«Россия йил мобайнида ўзига хос «тўлқин» тактикасини қўллаб келди. Украина чегараларидан узоқ бўлмаган ҳудудларда қўшинларини тўплади. Кейин шахсий таркиб доимий дислокация жойига қайтди, техника эса олиб кетилмади. Бу душманга кўчиш учун кетадиган вақтни қисқартиришга ёрдам беради», деган Резников.

Россия ҳарбийларининг чегара томон сурилиши АҚШ ва Россиянинг шусиз ҳам илиқ бўлмаган муносабатларини янада кескинлаштирди.

Жума куни Байден Россиянинг Украинага бостириб киришини қийинлаштиришга қаратилган кенг қамровли ташаббусларни тайёрлашга ваъда қилди.

«Мен одамлар Путин қилиши мумкинлигидан хавфсираётган ишни амалга оширишни жуда қийинлаштирадиган ташаббуслар тўпламини жамлаяпман. Ҳозирда бу ишлаб чиқиш жараёнида», - деган Байден айнан нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмасдан.

Россия президенти Владимир Путин ва унинг америкалик ҳамкасби шу вақтгача фақат бир марта, шу йил июнида Женева шаҳрида юзма-юз мулоқот ўтказганди.

АҚШ ва европалик иттифоқчилар агар тажовузкор ҳаракатлар содир этса, Россияга қарши санкциялар қўллаш имкониятини муҳокама қилган.

Украина НАТО аъзоси бўлмаса-да, бу давлат блок билан яқин алоқаларга эга ва Ғарбдан қуроллар, шу жумладан америкаликларнинг танкка қарши қўлланадиган Javelin русумли ракеталарини олади.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар Украинани ўз ҳудуди ҳимояси учун зарур бўладиган барча воситалар билан таъминлашга тайёр.

Шанба куни кечқурун Рональд Рейган фондида ўтказилган конференцияда чиқиш қилган Пентагон раҳбари Россия қўшинлари Украина чегарасида тўпланаётгани ҳақидаги маълумотлардан яна бир бор хавотир билдирди.

Россия расмийлари нима демоқда?

Православ поп Севастополга ҳарбий хизмат учун чақирилганларга оқ йўл тиламоқда. Россияда 31 декабрга қадар давом этадиган кузги чақириқда армияга 125 минг янги аскарни ёллаш режалаштирилган. Фото: SERGEI MALGAVKO/TASS

Россия ҳукумати бостириб кириш режаси ҳақидаги хабарларни рад этади ва ҳарбийлар чегара атрофига ўқув машғулотлари учун олиб келинганини айтади.

«Биз ўз ҳудудимизда ҳарбийларни ҳаракатлантириш ҳуқуқига эгамиз, аммо қандайдир кескинлашув ҳақида гап йўқ», деган жума куни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Бундан ташқари, Россия Украина ҳукуматини эскалация юзага келтиришда уринишда, НАТОни эса - Қрим яқинида, Қора денгиз ҳудудида режадан ташқари ўқув машғулотлари ўтказиш орқали  провокация қилишда айблайди.

«Украина қутқуланмоқда, бу эса Киевда Минск келишувларини саботаж қилиш кайфиятини уйғотиб, можарони ҳарбий йўл билан ҳал этиш иллюзиясини озиқлантиради», деган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров пайшанба куни Блинкен билан учрашувда.

Россия ТИВ Украина умумий чегара томонга 125 минг ҳарбий хизматчи юборганини иддао қилган.

Украина мудофаа вазири Резниковнинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари вазиятни чигаллаштиришга қаратилган ҳеч қандай ҳаракат қилмайди, аммо эҳтимолий ҳужумни қайтариш учун доим шай туради.

«Эскалация - бу эҳтимолий сценарий, аммо муқаррар эмас ва бизнинг вазифамиз унинг олдини олиш. Биз шундай йўл тутишимиз керакки, эскалация баҳоси тажовузкор томон учун қимматга тушсин», дея Резниковнинг сўзларини келтиради Reuters.

Мавзуга оид