Ўзбекистон | 14:53 / 06.12.2021
8120
6 дақиқада ўқилади

Савдо, транспорт ва сув масалалари. Ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг музокаралари икки мамлакат ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини тасдиқлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, транзит ва логистика, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилди.

Шунингдек, глобал ва минтақа кун тартибида турган ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон икки халқ ўртасидаги самимий биродарлик муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлади.

«Бугун тарихий қарор қабул қиляпмиз, ҳамкорлигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтаряпмиз. Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кенг кўламли шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги интилишимиз қатъий. Бунинг учун барча имконият ва ресурсларни ишга соламиз, Мақсадимиз – биродар халқларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини аниқ мазмун билан бойитиш», – деди Шавкат Мирзиёев.

Икки мамлакат етакчилари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг Давлатлараро Олий Кенгаши, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этишга келишиб олди.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг янги «ўсиш нуқталари», устувор йўналишлари ва муҳим вазифалари белгилаб олинди.

«Учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босиш орқали зарур маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш номенклатураси ва ҳажмини салмоқли даражада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Товар айирбошлаш миқдори жадал суръатда ошаётгани ҳам бунинг тасдиғидир. Жорий йилда бу кўрсаткич рекорд даража – 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Ушбу кўрсаткични яқин беш йилда ўн миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Шу мақсадда томонлар тегишли «йўл харитаси»ни қабул қилиш, улгуржи-тақсимлаш марказлари ва қўшма агрокластерларни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги қўшма корхоналар ташкил этиш орқали ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, энергетика, фармацевтика, қурилиш соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Саноат кооперацияси бўйича аниқ лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди. Машинасозлик, энергетика, электротехника, кимё, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда муваффақиятли лойиҳалар кўп. Эндиликда қурилиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа устувор соҳаларда янги йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, куни кеча ишбилармон доиралар иштирокида ўтказилган тадбирларда умумий қиймати икки миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳалари тайёрланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бу борадаги саъй-ҳаракатларга қўшимча суръат бағишлаш мақсадида саноат кооперацияси бўйича қўшма халқаро марказ ташкил этилади.

Ҳудудлараро алоқалар ҳамкорликни кенгайтиришда драйвер бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, яқинда ўтган Ҳудудлар форуми натижасида қатор келишув ва савдо шартномалари имзоланди.

Икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларига ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва янги кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқишда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга топшириқ берилди.

Транспорт соҳаси муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди. Автомобилда ва темир йўл орқали юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Мамлакатлар ўртасидаги авиақатновлар тўлиқ тикланди, янги йўналишлар очилди.

Ўзбекистон президенти мамлакатларимиз ва учинчи давлатлар бозорларига чиқишни таъминлайдиган янги йўлакларни шакллантириш муҳим эканини қайд этди. Етакчилар «Учқудуқ-Қизилўрда» темир ва автомобиль йўлини ҳамда «Туркистон-Чимкент-Тошкент» юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўл қурилиши лойиҳаларини жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Шу мақсадда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор, узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқиш ва икки мамлакат ўртасида сув муносабатларининг барча йўналишларига оид таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳ фаолиятини давом эттиришга келишиб олинди. Сув тежайдиган янги технологияларни жадал жорий этиш бўйича биргаликда амалий ишлаш, Оролбўйида дарахтзорлар барпо этиш борасида қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатлар ва минтақавий яқинлашув ғояларини илгари сурган ҳолда ташқи сиёсат соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирдилар. Президентлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини иштирокчи давлатлар манфаатларига қатъий ҳурмат асосида мавжуд салоҳиятлардан максимал даражада тўлиқ фойдаланиш мақсадида такомиллаштириш йўлида мақсадли иш олиб боришга келишиб олдилар.

Гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қозоғистон президенти халқларимизнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик дўстлиги рамзи сифатида Нур-Султон шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилишини таъкидлади.

Мавзуга оид