Жаҳон | 18:05 / 07.12.2021
6550
2 дақиқада ўқилади

Роҳингя мусулмонлари Facebook’дан 150 млрд доллар компенсация талаб қилмоқда

Адвокатлар компанияни “Жануби-Шарқий Осиёдаги бу кичик мамлакат бозорига яхшироқ кириб олиш учун роҳингя халқи ҳаётини сотишни истаган”ликда айблаб судга берган.

Фото: AFP

Буюк Британия ва АҚШдаги роҳингя халқи вакиллари 150 млрд доллар компенсация талаб қилиб Facebook компаниясини судга берди. Бу ҳақда ВВС хабар қилди.

Роҳингя мусулмонларининг таъкидлашича, Facebook Мьянмада таъқиб қилиб келинган мазкур этник озчиликка қарши душманларча муносабат ва зўравонлик тарқатилишига йиллар давомида имкон берган.

АҚШда адвокатлар компанияни “Жануби-Шарқий Осиёдаги бу кичик мамлакат бозорига яхшироқ кириб олиш учун роҳингя халқи ҳаётини сотишни истаган”ликда айблаб судга берган.

Даъвогарлар Reuters агентлигининг суриштируви давомида ижтимоий тармоқда аниқланган хабарларга таянмоқда. Хусусан, хабарлардан бирида “Уларга қарши Гитлер яҳудийларга қарши курашганидек кураш олиб боришимиз керак” дейилган.

Буюк Британиядаги роҳингялар манфаатини ҳимоя қилувчи юридик фирма ижтимоий тармоқни “роҳингя халқига нисбатан нафрат авж олишини кучайтиришда” айблаган.

Ижтимоий тармоқ шунингдек, Мьянмадаги сиёсий вазиятни биладиган модераторларга “инвестиция бермаслик”да айбланмоқда. Бунинг натижасида роҳингяларга нисбатан зўравонликка чақирувчи хабар ва қайдлар ўчирилмаган.

Мавзуга оид