Ўзбекистон | 11:34 / 09.12.2021
14392
6 дақиқада ўқилади

Қоидабузарликнинг аянчли оқибатлари: 16-шифохонадан махсус репортаж

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ҳар куни даҳшатли ЙТҲга учраган беморлар олиб келинади. Бу ерда ёш болалар “авария” сабаб кома ҳолатида ётибди, кўплаб беморлар синган тана аъзолари оғриғидан азобланяпти. Kun.uz ҳайдовчи ва пиёдаларни огоҳликка чорлаш мақсадида шифохонадаги одатий ҳолатни омма эътиборига ҳавола этади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида бир қанча касалликлар бўйича тез тиббий ёрдам кўрсатиш баробарида йўл-транспорт ҳодисаларига учраган оғир аҳволдаги беморлар самарали даволаб келинмоқда.

Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худайберганов билан марказнинг Травматология ҳамда Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлимларида бўлиб, ичкаридаги вазиятни ўрганди.

Фото: Kun.uz

ЙТҲ сабаб оғир жароҳатланган беморлар даволанаётган мазкур бўлимларда кимлардир кома ҳолатида, айримлар эса автомобил билан тўқнашувдан синиб кетган тана аъзолари оғриғидан азобда. “Ҳаммаси бир лаҳзада юз берди”, дейди автомобил билан тўқнашув натижасида оёқ-қўли, қовурғалари синган ва мияси чайқалган беморлардан бири.

Эркин Валиев / Фото: Kun.uz

Шифокор-травматолог Эркин Валиевнинг айтишича, бемор Алишер Далиев юк машинаси ҳайдаб кетаётиб рулда ухлаб қолган ва бориб юк машинасига урилган.

“Унинг оёқ панжаси, болдир ва тос суяклари синган, кўкрак қафаси ва боши жароҳатланган”, дейди Травматология бўлими бошлиғи.

Фото: Kun.uz

“Рулда ухлаб қолдим ва олдимда кетаётган юк машинасига урилдим. Кейин ортимдан келаётган машиналар тўхтаб, одамлар “тез ёрдам” чақиришди ва касалхонага олиб келишди. Ҳозир аҳволим анча яхши. Кам дам олганим сабабли рулда ухлаб қолдим. Кунига 12-18 соат машина ҳайдайман”, деди ҳайдовчининг ўзи.

 Фото: Kun.uz

Айни пайтда бир қанча салбий ташхислар билан даволанаётган Миркомил Мирзайдбоев автомобил йўлини белгиланмаган жойдан пиёда кесиб ўтаётганда ҳалокатга учраган.

“14 ноябр куни кечки пайт соат 21:30 да кўчадан ўтаётган жойимда бир машина уриб кетди. Яқинларим касалхонага олиб келишди. Шифокорлар мия чайқалиши, қўлимнинг 3 та жойи синганини айтишди. Операциялар ўтказилди. Ҳозир аҳволим нисбатан яхши”, дейди у.

Тошкент шаҳар ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худайберганов белгиланмаган жойдан ўтмоқчи бўлган пиёдалар билан боғлиқ ЙТҲлар йил бошидан бери 50 марта юз берганини, оқибатда 5 киши ҳаётдан кўз юмганини айтди.

Қаҳрамон Худайберганов / Фото: Kun.uz

“2021 йил январ-ноябр ойларида тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида 85 та ЙТҲ қайд этилган ва оқибатда 14 нафар инсон ҳалок бўлган, 76 киши жароҳатланган”, дейди у.

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январ-октябр ойларида республикада 7 681 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 1 964 киши вафот этган, 6 886 нафар инсон жароҳатланган. ЙТҲ иштирокчиларининг 3 441 нафари пиёдалар, 1 268 нафари эса болалар ҳиссасига тўғри келган.

Марказнинг Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлимида ЙТҲ сабабли кома ҳолатида ётган болалар бир нечта. Уларнинг ҳаётга қайтиши номаълумлигича қолмоқда.

Малика Муҳаммедова / Фото: Kun.uz

Айни пайтда ҳушсиз ҳолатдаги бемор 4 ёшли Маржона Муҳаммедованинг онаси Малика Муҳаммедова фарзанди билан юз берган ЙТҲ ҳақида гапириб берди.

“14 сентябрда боғчадан чиқиб йўлдан ўтаётганимизда қизимни Spark уриб кетди. Рулда аёл киши эди. Қизимни бош мия чаноғи майдаланиб кетган, суяк синганда мия пардасини йиртиб юборган экан. Машина босиб ўтганда ўпкаси эзилган. Қовурға сингани ҳисобига қора талоқни ёриб юборган. Операция жараёнида қора талоғини олиб ташлашди.

Ўтган 3 ой ичида боламнинг бошини 3 марта операция қилишди. Ҳали ҳам ўзига келгани йўқ. Ҳайдовчиларни яхшилаб ўқитиб, синаб кўриб, кейин “права” бериш керак. Бу даражада кўп “авария” бўлади деб ўйламаган эдим. Шу ерга келиб кўрдимки, “авария”лар жуда кўп бўлар экан. Ота-оналардан болаларининг қўлидан ушлаб йўлдан олиб ўтишларини сўраб қолардим”, деди ғамгин она.

Умуман олганда, шифохонадаги беморлар жонидан ўтаётган оғриқлар, кўзларидаги маъюслик инсон юрагини эзиб юборади. Бундай мусибатлар, афсуски, юқоридаги рақамларда кўринганидек, йилига бир неча минглаб марта такрорланмоқда.

Кўпинча ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига амал қилмаслиги пиёдаларни азобли оғриқларга дучор этяпти. Бу инсонлар дард чекиши ортидан биргина ўзлари эмас, яқинлари ҳам изтиробда.

ЙТҲлар сони ҳаддан ташқари кўплигига, бизнингча, ҳайдовчиларда билим етарли бўлмаса-да, уларга ҳайдовчилик гувоҳномасининг берилиши, имтиҳонлар шаффоф ва ишончли ўтказилмагани, тизимдаги коррупция сабаб бўлмоқда.

Кимларнингдир йўл қўйган камчилиги ёки чўнтагини ўйлаб қилган ноқонуний хатти-ҳаракати туфайли минглаб инсонлар азият чекмоқда. Қолаверса, республикада автомобиллар сонининг йилига 300 мингтага ортиб бораётгани ва уларни хавфсиз йўллар билан таъминлаш чоралари кўрилмаётгани муаммони янада чигаллаштирмоқда.

Албатта, таълим соҳаси ёшларга йўлда ҳаракатланиш маданиятини шакллантиришда оқсаётганини ҳам таъкидлаш ўринли. Умуман олганда, юқоридаги тизимли муаммолар ўз вақтида ҳал этилмас экан, беайб одамлар азоб чекишда давом этаверади, ота-она фарзандидан, болалар ота-онасидан айрилаверади ёки уларни майиб ҳолида кўриб юраги езилаверади.

Ҳурматли ва ҳурматсиз қоидабузар ҳайдовчилар! Йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилинг! Ўзингиз, атрофдагилар ҳаёти ва соғлиғи сизга боғлиқлигини унутманг.

Исломбек Умаралиев, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов

Исломбек Умаралиев
Муаллиф Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид