Котацу – японларнинг минг йиллик сандали (фото)
Японияда «котацу» деб номланадиган жиҳоз бор. У ўзбекистонликларнинг сандалига жуда ўхшайди. Японлар ундан минг йиллардан буён уй иситишда фойдаланиб келишмоқда.
Бир пайтлар савдо карвонлари Буюк ипак йўли бўйлаб Узоқ Шарқдан Марказий Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европага қатнаган. Ўшанда савдогарлар орқали бир миллатнинг маданияти ва урф-одатлари, турли хил буюмлари бошқаларга ҳам тарқалган.
Шу жумладан Марказий Осиё халқларининг маданияти, улар фойдаланган нарсалар Япониягача борган, японлар ишлатган буюмлар бу ўлкаларгача келган.
Ўзбеклар ва японлар орасида ўхшаш жиҳатлар кўп. Катталарга иззат-ҳурмат, болаларга меҳр-шафқат кўрсатиш, чой ичишни санъат даражасига чиқариш шулар жумласидан. Бундан ташқари, бу икки миллатни ўзбеклар сандал, танча дейдиган, японлар эса котацу деб атайдиган яна бир жиҳоз боғлаб туради.
Котацуга илк марта кўзи тушган одам унинг сандал билан ўзаро жуда ўхшашлигига амин бўлади. Аввал сандал пайдо бўлганми ёки котацуми, японлар бизлардан ўрганганми ёки тескарисими – бу муҳиммас. Муҳими, ҳар икки юрт одамлари бир-биридан узоқда яшаса ҳам тарихан муштарак алоқалар бўлган.
Юртимизнинг аксарият ҳудудларида сандал яқин-яқингача нафақат қишлоқ жойларида, балки шаҳарликлар учун ҳам қиш фаслида уй иситиш воситаси саналарди. Бугун ҳам айрим ҳудудларда ундан фойдаланиб келишмоқда. Турли вилоятларда замонавий мосламалар билан уй иситадиган инсонлар орасида ҳам хонага сандал ўрнатиб, ундаги олов тафтида оёғини тоблаб ўтирадиганлар бор. Сандал айниқса кекса ёшдаги инсонлар учун жоннинг ҳузури!
Японияда ҳам худди шундай. Японлар ҳам азалдан уйларни котацулар билан иситиб келган. Кейинчалик бу мамлакат юксак тараққий этганда ҳам японларнинг аксарияти қиш фаслида уйларни котацу билан иситишда давом этмоқда.
Котацу кўринишидан сандалнинг ўзи. Унинг сандалдан фарқи шундаки, котацу ҳозирда саноат усулида ишлаб чиқарилади. Унга ўтин чўғи солинмайди, балки ихчам электр печлари ўрнатилади. Сўнг худди сандалга ўхшаб устига махсус кўрпа ёпилади.
Котацунинг тарихи жуда узоқ йилларга бориб тақалади. Япония анча илиқ мамлакат ҳисобланади. Қиш фаслида мамлакат шимолида ўртача ҳаво ҳарорати 0, -2, жанубида эса +5 +10 даража иссиқ бўлади. Мамлакатдаги мўътадил иқлим сабабли японлар уйларни аввалдан енгил конструкцияли қилиб қуриб келишган. Бундай уйлар «қоғоз уйлар» деб аталган.
Ўша пайтларда японлар хона ўртасида махсус тўртбурчак жой қилиб, унда олов ёқишган. Ана шу олов билан улар хонани иситишган ҳамда тепасига қозон осиб овқат пиширишган. Тўртбурчак жойнинг номини «ирори» деб аташган. Хона тутунга тўлмаслиги учун ирорида кўпроқ кўмир ёқишган. Хона шифтида эса тутун чиқиб кетадиган махсус жой қилинган.
Замонлар ўтиб, японлар тўртбурчак чуқур устига ёғоч мослама ўрнатиб, унинг устини махсус тикилган кўрпа билан ёпа бошлаган. Шу тариқа сандалга жуда ўхшаш бўлган котацу оммалашади.
ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, Японияда қоғоз уйлар қуриш урфдан қолади. Иқтисодий фаровонлик туфайли қишлоқлардаги уйларни одатий деворлар билан, шаҳарларда эса кўп қаватли қилиб тиклай бошлашади. Шундай бўлса ҳам уй иситишда котацуларнинг роли пасаймайди. Японияликлар котацуларни саноат усулида ишлаб чиқара бошлайди.
Япония дунёдаги энг тараққий этган мамлакатлардан бири ҳисобланса-да, бу ердаги аксарият кўп қаватли уйларда марказий иситиш тизими йўқ. Илиқ иқлим туфайли японлар унга эҳтиёж йўқ деб ҳисоблашади. Фақат мамлакат шимолида, қиш фасли бошқа ҳудудларга қараганда бироз совуқ бўладиган Хоккайдо оролидаги кўп қаватли уйларда марказий иситиш тизими бор.
Японияда бугун аксарият кўп қаватли ва бир қаватли уйлар индивидуал тарзда иситилади. Кондиционер ва бошқа жиҳозларда уй иситиш Японияда анча қимматга тушади. Унчалик совуқ бўлмаган ҳавода котацу ёрдамида уй иситишга камроқ маблағ сарфланади. Шу сабабли уйларни иситишда аҳолининг бир қисми кондиционердан, бошқалар эса «японча сандал» – котацудан фойдаланади.
Котацу атрофида жам бўлиб овқатланиш, чойхўрлик қилиб суҳбатлашиш, азалдан япон оилалари учун қадрият ҳисобланган. Бу қадрият бугун ҳам замонавийроқ кўринишда давом этиб келяпти.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024
Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди
20:03 / 08.11.2024