Жаҳон | 09:10 / 10.12.2021
7261
1 дақиқада ўқилади

Мексикадаги йўл-транспорт ҳодисасида 53 мигрант ҳалок бўлди

Мексиканинг Чяпас штатида мигрантларни олиб кетаётган юк машинаси билан юз берган йўл-транспорт ҳодисасида 53 киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар жароҳат олди.

Фото: Reuters

Штатнинг фуқаро ҳимояси агентлиги бошлиғи Луис Мануэль Гарсиянинг маълум қилишича, юк машинасида Лотин Америкаси давлатларидан 100дан кўпроқ мигрант бўлган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар бор.

Маълумотларга кўра, машинанинг тормози ишламай қолган ва у кескин бурилиш жойида ағдарилиб кетган. Барча жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор ҳалок бўлганлар оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳамда барча зарур ёрдам кўрсатилишини айтган.

Машинада АҚШ чегарасигача етиб олмоқчи бўлган гватемалалик ва ҳондураслик мигрантлар бўлган. Чяпас губернатори Рутилио Эскандоннинг таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодисаси синчков тергов қилинади. Гватемала президенти Алехандро Жамматтеи ҳалок бўлганлар жасадларини ватанга қайтаришда ёрдам берилишини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид