Ўзбекистон | 12:41 / 11.12.2021
32274
3 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилари ўқувчиларидан кўп мактаб

Навоий вилоятининг Учқудуқ туманидаги 14-умумтаълим мактаби республикадаги энг кичик мактаблардан бири. Туман марказидан 200 км олисдаги овулда жойлашган мазкур мактабда 5 нафар ўқувчига 6 нафар ўқитувчи дарс беради.

Фото: KUN.UZ

Кўкаяз овули Қизилқум чўли бағрида, Қозоғистон чегараси яқинида жойлашган. Бу ерда 14 та оилада 60 нафардан ортиқроқ фуқаро истиқомат қилади. Аҳоли камлиги сабабли овулдаги мактабда ҳам ўқувчи сони кам. 5 нафар ўқувчининг 3 нафари 4-синфда, 1 нафари 5- ва яна 1 нафари 8-синфда таҳсил олади. Таълим даргоҳида дарслар қозоқ тилида ўтилади.

Мактаб директори Ақшагул Мадрайимованинг таъкидлашича, ўқувчи сони камлиги айрим ҳолларда қийинчилик туғдиради.

“Турли тадбирлар ташкил қилганда ўқувчи етишмайди. Масалан, бирор тадбирда саҳна кўриниши бўлса, ўқитувчиларимиз ҳам қўшилиб рол ўйнайди. Тадбирларда ўзимиз ҳам иштирокчига айланамиз. Шунингдек, фан олимпиадаларида қийналамиз. Мактабимизга вилоят ёки тумандан одам келса, уларга қизиқ туюлади. Чунки 2 та синфда 1 нафардан ўқувчи бор”, — дейди директор.

Жорий йилда овулда “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Жумладан, мактаб биноси ҳам тўлиқ таъмирланган. Мактабда республиканинг бошқа ҳудудларидан келиб ишлаётган ўқитувчилар ҳам бор.

“Уйим бу ердан 600 км узоқда жойлашган. Ҳар 2-3 ойда уйга бориб келаман. Овулда узоқдан келиб ишлайдиганлар учун ётоқхона ташкил қилинган. Мактабимизда болалар сони кам. Бу ўқитувчига ўзига хос масъулият юклайди. Бир нафар ўқувчи билан ишлаш қулай. Бироқ савол-жавоб ва бошқа жараёнларда қийин томонлари ҳам бор”, — дейди Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи Аббос Маннонов.

Ўзбекистоннинг энг чекка, шимолий ҳудудларидан бири ҳисобланган овулда мактабгача таълим ташкилоти филиали ҳам бўлиб, бу боғчага 3 нафар тарбияланувчи қатнайди.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид