Ўзбекистон | 12:13 / 12.12.2021
7429
1 дақиқада ўқилади

Фарғонадан Сўхга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди

Humo Air авиакомпанияси Фарғона — Сўх — Фарғона йўналишида ҳафтасига икки маротаба мунтазам парвозларни амалга оширишни бошлайди.

Фото: Транспорт вазирлиги

12 декабрдан Humo Air авиакомпанияси Фарғона — Сўх — Фарғона йўналишида мунтазам қатновлар йўлга қўйилди.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, дастлабки босқичда ҳафтасига икки маротаба йўловчи ташувлари учун мунтазам парвозлар амалга оширилади.

Парвозлар ҳафтанинг душанба ва жума кунлари Фарғона — Сўх йўналишида соат 10:00да ва Сўх — Фарғона йўналишида соат 12:00да бажарилиши режалаштирилган. Авиақатновлар АН-2 самолётларида амалга оширилади. Парвоз давомийлиги 30 дақиқани ташкил этади.

Йўловчилар авиачипталарни Фарғона, Андижон ва Наманган аэропортлари ҳамда Сўх тумани ҳокимияти биноларида харид қилиш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамиз, Сўхдаги аэропорт туманни ривожлантириш тўғрисидаги президент қарори асосида қурилган, унинг майдони 7 гектар бўлиб, узунлиги 700 метрни ташкил этади. Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан 6,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид