Қўнғиротлик овчилар Шуманайда 150 дона ёввойи кабутарни овлашди
Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг Шуманай туман инспекцияси томонидан "Кетенлер" ОФЙ ҳудудида тезкор рейд тадбири ўтказилган. Унда Қўнғирот туманида яшовчи 3 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда 150 дона ёввойи кабутарлар овланганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан қонунбузар фуқароларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Кабутар овчиларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-бандига асосан маъмурий ишлар бўйича суд органига ўтказиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Қўшимча қилинишича, ноқонуний тарзда тутилган кабутарлар озуқа учун Нукус шаҳридаги ҳайвонот боғига беғараз топширилган.
Олдинроқ Қорақалпоғистондаги ягона ҳайвонот боғи ёпилиб кетиш арафасида қолгани ҳақида хабар бергандик. Ўшанда Нукусдаги хусусий ҳайвонот боғида айиқ сувсиз қолдирилиб, таҳқирлангани айтилганди.