Ўзбекистон | 16:54 / 13.12.2021
30823
3 дақиқада ўқилади

Янгибозор ҳокими фермерларни ҳақорат қилгани аудиоси тарқалди. У энг яхши ҳокимлар учлигига кирганди

Аудиода Хоразм вилояти Янгиобозор тумани ҳокими Ўктамбой Қурбонов экани айтилаётган шахс фермерларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаётгани, бажарилмаган ишларни қоғозда “бажарилди” деб кўрсатиб келишини айтади. Маълум бўлишича, Ўктамбой Қурбонов – президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоевнинг акаси.

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Янгибозор туман ҳокими Ўктамбой Қурбонов йиғилишлардан бирида фермерларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани акс этган аудио тарқалди.

Аудиодан маълум бўлишича, ҳоким бажарилмаган ишларни ҳам “бажарилди” деб ҳисобот бериб келган бўлиши мумкин.

“Нега чақирганимда ёнимга келмадинг...(ҳақорат қилади), нимага чақирган эдим сени?” дея қайта-қайта сўрайди ҳоким экани айтилаётган шахс.

“Бажараман дедим-ку”, дейди бунга жавобан сўроқ қилинган одам.

“Буғдой қани? Бажармасанг... (ҳақоратли таҳдид қилади). Бажармаганингни бажартириб (қоғозда – таҳр), бўйнимга олиб турибман. Ҳезалаклар! Мен бўйнимга олиб 105 фоиз қилинглар, дедим. Яхши гапни тушунмайдиган тўнғиз...” дейди оғир ҳақоратлар билан у.

Аудиони тарқатган Telegram'даги TentakMinds канали Янгибозор туман ҳокими таниқли амалдорлардан бўлмиш Қаҳрамон Қуронбоевнинг қариндоши эканига урғу беради.

“Ундан ҳамма қўрқади, чунки унинг укаси Қаҳрамон Қуронбоев Қўчқарович – президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари. Ҳа, фамилиялар сал ўзгаргани билан ота исми ва юзлардаги ўхшашлик сотиб қўяди”, – дея ёзади блогер.

Янгибозор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz'га бу аудиоёзув изоҳсиз қолдирилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, октябр ойида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги барча туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб чиққан, 205 нафар ҳоким жой олган ушбу рейтингда Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Қурбонов 2-ўринни олганди.

Маълумот учун, Ўктам Қурбонов Янгибозор туманига 2020 йил март ойида ҳоким этиб тайинланган.

У 2018 йилдан 2020 йилгача Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юрган.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг фермерларни таҳқирлаши ва ҳақоратлаши ҳолатлари тез-тез рўй бериб туради. Шу билан бирга, фермерларнинг маҳаллий ҳокимликларга қарамлиги сақланиб қолаётгани танқидларга сабаб бўлади.

2021 йил ёзида Адлия вазирлиги ўтказган ўрганишларда бутун республика бўйлаб фермерларнинг ҳуқуқлари оёқости қилинаётгани тасдиқланган эди.

Сўровда қатнашган минглаб фермерлар пуллари вақтида тўлаб берилмаётганини айтган. Шунингдек, ҳокимлар фермерлар фаолиятига доимий равишда аралашаётгани, уларнинг маҳсулотлари битим тузмасдан олиб кетилаётгани, кўплаб ҳолларда шартномалар тўлдирилмаган (бўш) ҳолатда имзолатиб олинаётгани маълум бўлган.

Июнь ойида Хоразм вилояти Урганч туманида ИИБ ходимлари ҳокимлик топшириғига асосан фуқаронинг буғдойини тортиб олганди. Кейинчалик буғдой эгасига қайтарилгани маълум қилинди, бироқ қонунсизликка бош бўлганларга жазо берилган-берилмагани ҳақида ҳеч нарса айтилмади.

Мавзуга оид