Жамият | 15:22 / 14.12.2021
10258
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларни овлаган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ўтказилган текширувда мазкур ов сабабли ҳайвонот дунёсига 190 млн 350 минг сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланди.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Қорақалпоғистонда “Қизил китоб”га киритилган 14 бош жайрон ва 5 дона ёввойи қуён овлаган 4 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов телеграмдаги каналида хабар берди.

Ўтказилган текширувга кўра, Ўзбекистон ҳайвонот дунёсига 190 млн 350 минг сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланган.

“Мазкур ҳолат юзасидан тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми “е” ва “ж” бандлари (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деб ёзади бош прокурор матбуот котиби.

Аввалроқ, мазкур воқеа 12 декабрь куни юз бергани, камёб ҳайвонларни  овлаган браконьерлар қочиб кетгани ва улар қидирувда экани хабар қилинганди. Шунингдек, ҳолат юзасидан Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бораётгани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Устюрт текислигида 11 бош жайронни овлаган браконьерлар 4 йил муддатга қамалганди.

Мавзуга оид