Ерости бойликларини ўзлаштирувчиларга катта имтиёзлар: молия вазири нима дейди?
Ўзбекистонда олтин, мис, уран, нефт ва газ қазиб олувчи хусусий компанияларга мисли кўрилмаган солиқ имтиёзлари берилмоқда. Бироқ бу имтиёзлар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз”га берилмайди. Молия вазири сабабларга тўхталди.
Ўзбекистонда 2022 йилдан ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари пасаймоқда. Лекин ставкалар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” учун ўзгармасдан қолади. Бу 2022 йилги бюджетнома ва президент қарорида ҳам акс этганди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметов 2022 йилги давлат бюджети борасида ахборот берди.
“Бюджет барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2022 йилда Навоий кон металлургия, Олмалиқ кон металлургия ва “Ўзбекнефтгаз” корхоналарига ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари сақлаб қолинади. Шунингдек, мазкур корхоналарнинг соф фойдаси бўйича дивидендлар 100 фоиз миқдорда давлат бюджетига йўналтирилиши кўзда тутилмоқда”, — деди вазир.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари камайтирилиши октябр ойи бошида имзоланган фармонда белгиланган эди.
Унга асосан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари:
- нефт ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (амалда нефт 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз);
- олтин ва мис учун 7 фоизгача (амалда олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз);
- вольфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (амалда 10,4 фоиз);
- уран учун 8 фоизгача (амалда 10 фоиз) камайтирилиши кутиляпти.
Ерости бойликларини ўзлаштирувчилар учун бундай катта имтиёзлар 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасида ҳам акс этган.
Ерости бойликларини ўзлаштирувчиларга бундай катта имтиёзларнинг берилиши ерости бойликларнинг хорижий ва олигархларга тегишли компанияларга ўтиб кетиши хавфини туғдирмайдими деган савол туғилмоқда.
Бугунги ялпи мажлисдаги нутқи давомида Тимур Ишметов солиқ ставкаларининг пасайтирилишини шундай изоҳлади:
“Солиқ ставкаларини пасайтириш орқали инвестицияларни жалб қилиш ва фойдали қазилмалар миқдори кам бўлган конларни ўзлаштириш назарда тутилган.
Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи жорий қилинмоқда. Бу ўз навбатида ер қаъридан фойдаланганлик учун паст ставкалар билан биргаликда қуйидагиларга имкон беради:
- инвесторларга капитал харажатларни қоплаш;
- фойдали қазилмалар кам бўлган конларнинг ривожланишини таъминлаш.
Шу билан бирга, нархларнинг ёки рентабеллик ошиши туфайли олинган қўшимча даромад давлат ва инвесторлар ўртасида тенг тақсимланади”, — деди вазир.
Ноябр ойида Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Kun.uz'га хусусий корхоналарга имтиёзлар бериши оқибатида туғилаётган хавотирларга қўшилмаслигини билдирганди.
“НКМК, ОКМКга пасайтирилмаяпти деганингиз, менимча, улар давлат ташкилотлари-ку, шунга пасайтирилмагандир. Қолганларга солиқ ставкаларининг пасайтирилгани бевосита хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобида кўпроқ маблағ қолади, бу маблағлар ўша ерда иш ўрни яратилишига реинвестиция қилинса керак”, — деганди у.
Kun.uz берилаётган солиқ имтиёзлари ерости бойликларининг хорижий ва олигархларга тегишли компанияларга ўтиб кетиши борасидаги хавотирлар қанчалик асослилиги борасида Молия вазирлигига сўров юборганига 15 кун бўлди. Жараён ҳамон “кутиш” режимида.
Бугун Сенатда молия вазири томонидан хусусий компанияларга берилаётган имтиёзлар “инвестицияларни жалб қилиш ва фойдали қазилмалар миқдори кам бўлган конларни ўзлаштириш” мақсади ўлароқ янграган бўлса ҳам, бу борадаги хавотирлар камаймади.
Ушбу савол ҳамон очиқ қолмоқда: берилган солиқ имтиёзлари натижасида бир бирлик конни ўзлаштириш НКМК ва ОКМКга хусусий компанияларга қараганда қимматга тушиши оқибатида ерости бойликларини ўзлаштириш хорижий компанияларга тўлиқ ўтиб кетмайдими? Оқибатлар ҳақида бош қотириб кўрилганми?
Мавзуга оид
17:36 / 30.04.2024
Банклар Тошкентдаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этади
22:28 / 15.12.2023
Ерости бойликлар бўйича навбатдаги имтиёз. Айрим корхоналар махсус рента солиғидан озод қилинади
16:19 / 12.09.2023
Олтин, кумуш, уран ва мис ишлаб чиқариш бир неча баробарга оширилади
17:55 / 07.06.2023