Ўзбекистонда яшаб келаётган афғонлар мажбуран чиқариб юборилмайди – Исматулла Эргашев
Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган Афғонистон фуқароларининг ҳаммаси ўз ватанига қайтарилган. Ўзбекистон ҳудудида яшаб келаётган афғонлар эса мажбурий тарзда мамлакатдан чиқариб юборилмайди.
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашевнинг таъкидлашича, 15 август воқеаларидан кейин Амударё орқали 150 нафарга яқин афғонлар Ўзбекистон ҳудудига сузиб ўтган ва кейинчалик уларнинг ҳаммаси ватанига қайтарилган.
«Ўзбекистон ҳудудида яшаб келаётган афғон фуқароларини куч билан, мажбурий тарзда ватанига қайтариш режаларимиз йўқ. Аммо Термизда оммавий тарзда яшаб келаётган қочоқларнинг катта лагери ёки шунга ўхшаш алоҳида маскани ҳақидаги гаплар ёлғон.
ОАВга биринчи марта шуни айтишим мумкинки, 15 августдаги воқеалардан кейин Амударё орқали 150 нафарга яқин афғон фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига сузиб ўтган. Уларнинг аксариятининг молиявий имконияти ёмон аҳволда эди, оиласи ва яқинлари Афғонистон ҳудудида қолиб кетганди. Яъни бизнинг ҳудудга қочиб ўтганларнинг АҚШ ёки Европа мамлакатларига кетиш учун иқтисодий имконияти йўқ эди.
Улар билан гаплашганимда, агар янги ҳукумат қамамаса ёки жазоламаса, ортга қайтиш истагида эканликларини айтишди. Улар орасида Афғонистоннинг собиқ ҳукуматига хизмат қилган ҳарбийлар, давлат хизматчилари ҳам бор эди. Уларни майда гуруҳларга бўлиб, ҳаммасини ватанига қайтардик. Қайтганларнинг бирортаси қамалгани, калтаклангани ёки жазолангани йўқ. Улар ўзларининг эски турар жойларига хавфсиз етиб олишган.
«Толибон» расмийлари билан гаплашганимда, улар бу қочқинларга нисбатан умумий амнистия берилиши ва жазоланмаслигини айтишди.
Энди Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида яшаб келаётган афғон фуқаролари ҳақида айтадиган бўлсак, халқаро ташкилотлар уларнинг бир қисмига учинчи мамлакатга бориб, қочоқ мақомида яшашлари учун ёрдам беради, яшаш ва ишлаш имкониятига эгалари Ўзбекистон ҳудудида қолади ва виза масалалари ўз-ўзидан ҳал этилади.
Шу билан бирга, айни пайтгача Ўзбекистон ҳудудида бўлиши учун виза муддатлари тугаганлар ҳам мажбуран мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилмайди», деди у.
Мавзуга оид
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
10:00 / 02.11.2024
Президент махсус вакили Нидерландия элчиси ва АҚШ эксперти билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
19:21 / 01.11.2024