Жаҳон | 14:10 / 19.12.2021
4257
2 дақиқада ўқилади

Швецияда одамларга COVID-паспортли чиплар ўрнатила бошланди

Фото: РИА Новости

Швециядаги компаниялардан бири одамлар териси остига ўрнатилувчи, коронавирусга қарши эмланганлик сертификатларига эга микрочипларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Известия” нашри хабар берди

Таъкидланишича, ушбу технология хавфсиз бўлиб, зарурат туғилганда чипларни чиқариб олиш мумкин. Чипларда эмланганлик ҳақидаги сертификатлардан ташқари, шартномалар, ойлик йўл чипталари, спортзалга абонемент ва бошқа керакли ҳужжатларни сақлаш ҳам мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Швецияда бундай чипларни 6 мингга яқин одам ўз териси остига ўрнатган.

Имплант NFC (Near Field Communications) чипдан иборат. Бундай чиплардаги ахборотни рақамли маълумотларни ўқий олувчи исталган қурилма, мисол учун, NFC’ни қўллаб-қувватловчи смартфон ёрдамида ўқиш мумкин. 

Аввалроқ америкалик биоҳакер Бен Воркман ўз кафтига унга кундалик ҳаётида ёрдам берувчи бир нечта чип ва магнит ўрнатгани маълум қилинганди. Воркманнинг фикрича, шундай йўл билан шахсий маълумотларни ишончли ҳимоялаш мумкин, чунки тери остига киритилган чиплардан маълумот ўғирлаш “осон иш” бўлмайди.

Америкалик тадбиркор Илон Маск ҳам ўзининг Neuralink технологик компанияси 2022 йилдан бошлаб одамлар миясига микрочипларни ўрната бошлашини маълум қилганди. Бу чиплар тиббиётда қўллаш учун мўлжалланган бўлиб, улардан жиддий жароҳатлар ва неврологик бузилишларни даволашда фойдаланиш мумкин. Тадбиркорнинг таъкидлашича, чиплар биринчи бўлиб орқа миясида оғир жароҳатлари бор одамларга ўрнатилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид