Ўзбекистон | 19:13 / 20.12.2021
26134
3 дақиқада ўқилади

“1 кило озган одамга 500 минг сўмдан берамиз” – Хайрулло Бозоров

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳар бир ташланган ортиқча килограмм учун ярим миллион сўм мукофоти эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Фарғонада ортиқча вазндан халос бўлиш учун янги тажриба қўлланади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 20 декабр куни ўтказилган Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши сессиясида маълумот берди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда касалликларнинг 50-55 фоизининг келиб чиқишига соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, ҳаракатсизлик сабаб эканига эътибор қаратган вилоят ҳокими, ортиқча вазн муаммоси республикамизда ҳам соғлиқни сақлаш тизимида жиддий оқибатларни юзага келтираётгани, кўплаб касалликларнинг келиб чиқишида асосий сабаб бўлаётганидан келиб чиқиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда “Фарғона тажрибаси” йўлга қўйилишини маълум қилди.

“Энг катта хатомиз соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслигимиз. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда “Фарғона тажрибаси” йўлга қўйилади. Бунда 5 килодан бошлаб 1 йил давомида 10-15 килогача вазн ташлаган (озган) инсонга пул мукофоти берилади. Бу бўйича алоҳида комиссия ишлайди.

Фуқаро ўз уйи яқинидаги поликлиникага бориб рўйхатдан ўтади, вазнини ўлчатади. Агар оғирлигини 6 ойдан кейин 5 килога камайтирса, энг камида 2,5 млн сўм пул берамиз. Яъни ҳар бир кило учун 500 минг сўмдан.

Кулгили, лекин шундай қилмаса бўлмайди. Одамларни спорт билан шуғулланмаса ҳам 5000 қадам юришга одатлантиришимиз керак”, деган ҳоким.

Қайд этилишича, ортиқча вазн республика соғлиқни сақлаш тизимида жиддий оқибатларни юзага келтираётган, кўплаб касалликларнинг келиб чиқишида асосий сабаб бўлаётган муаммолардан бири. Шу сабабли “Фарғона тажрибаси” йўлга қўйилади. Бунда вилоятда яшовчи меъёрдан ортиқча вазнга эга фуқаролар қамраб олинади. Жараённи амалга ошириш бўйича махсус низом ишлаб чиқилади. 

Хайрулло Бозоров ўз сўзида спорт ҳақида ҳам тўхталиб, келгуси йилда вилоятда 50та футбол клуби ташкил қилиниши, вилоятда футболга эътибор янада кучайтирилишини таъкидлади.

Вилоят раҳбари мурожаати якунида ижтимоий тармоқларда, матбуот, телевидениеда, ўртага ташланган ҳар бир танқидий чиқишни шахсан кузатиб бориши, танқид холислик, ҳаққонийлик ва бетарафликка асосланган бўлса, ҳар бир масалани ечишга тайёрлигини билдирди.

Оммавий ахборот воситаларини, блогерларни очиқ эшиклар тамойили асосида ҳамкорликка чақиришини, хато ва камчиликлар, танқидлар асосли бўлса тўғри қабул қилишини таъкидлади. 

Шунингдек, вилоят раҳбари сўзининг сўнгида хусусий телеканалларни ривожлантириш, танқидий ва таҳлилий материалларни кўпайтириб уларни ижтимоий тармоқларга фаол жойлаштириш келгуси йилдан бошлаб йўлга қўйилишига алоҳида урғу берди.

Мавзуга оид