Ўзбекистон | 20:14 / 20.12.2021
14734
2 дақиқада ўқилади

«Мен ҳам бунинг тарафдори эмасман» – Давлетов тотализаторлар ҳақида

2021 йил 20 декабр куни Тошкент ёшлар форумида иштирок этган адлия вазири Русланбек Давлетов тотализаторларни чеклаш хусусида фикр билдирди.

Фото: Тошкент ёшлар форуми

Ёшлардан бири вазирга тотализаторлар, хусусан, 1xbet’ни чеклаш ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

«Бу жуда долзарб масала. Уларни чеклаш, чегаралаш – бу техник масала. Шу туфайли, бу ҳақда соҳа эгалари аниқ айта олади.

Бу бугунги кундаги тарбияга жуда қаттиқ таъсир қиляпти. Биз соҳани ўрганганимизда хорижий давлатлар орасида бунга рухсат берилгани ҳам, чеклангани ҳам, тақиқлангани ҳам борлигига гувоҳ бўлганмиз.

Катта-катта давлатлар соҳага психология хизматларини киритган. Берилиб кетганларга ёрдам кўрсатилади, аноним курсларда ўқитилади. Бу борада ишлаш керак. Чунки, бу давлатнинг мажбурияти – аҳоли ҳар хил йўлларга кириб кетишининг олдини олиш бўйича тегишли давлат органлари иш олиб бориши керак.

Тақиқлаш ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, ҳозир инсон сифатидаги ва адлия вазири сифатидаги фикрим аралашиб кетиб қолади. Лекин иккаласи аралашса ҳам айтаман: мен ҳам бунинг тарафдори эмасман.

Ёшлигимда Америкага бориб ўқиганимда мен ҳам кўрганман. Лос-Анжелесда коллежда ўқиган пайтим унинг даҳшатли нарса эканлигини кўрдим. Тотализатор фақат уни ўйнаётган одамга эмас, ҳамма ёққа таъсир қилади. У ердаги қадриятлар жуда бошқача, бизга тўғри келмайдиган қадриятлар. Шунинг учун, бу борада давлат бошқаруви жуда қаттиқ бўлиши керак», – дейди вазир.

Маълумот учун, бугунги кунда амалда бўлган қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид