Ўзбекистон | 15:06 / 21.12.2021
5918
2 дақиқада ўқилади

«Матбуот уйи» учинчи марта ҳам сотилмайдиган бўлди

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга кўра, «Матбуот уйи» биноси узил-кесил сотувдан олинган ва ОАВ фойдаланиши учун қолдирилади.

Фото: Telegram / Xushnudbek.uz

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бир гуруҳ босма матбуот нашрлари бош муҳаррирлари билан учрашди. Унда босма матбуот — газета ва журналлар фаолиятига оид муаммолар, янги таклифлар муҳокама қилинган.

Шунингдек, «Матбуот уйи» номи билан машҳур бўлган ва ҳозирда сотувга қўйилган бино узил-кесил сотувдан олингани ҳамда оммавий ахборот воситалари, жумладан, босма нашрларга қолдирилишини маълум қилган.

Шерзод Асадовга кўра, ушбу масала Президент назоратида бўлиб, бино замонавий талаблар асосида қайта қурилади ҳамда оммавий ахборот воситалари, хусусан Журналистлар уюшмаси фойдаланиши учун топширилади.

Бундан ташқари, ОАВлар, босма нашрлар ҳамда Журналистлар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус қарор лойиҳалари тайёрланаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги Миробод туманидаги маъмурий бино («Матбуот уйи») сотувга қўйилганини эълон қилганди.

Маълумот учун, «Матбуот уйи» биноси 2019 йилнинг 18 ноябрь куни ҳам E-ijro платформаси орқали очиқ аукционга қўйилганди. Кейинчалик бу маълумот очиқ аукцион сайтидан олиб ташланган ва бино сотилмаган.

Бундан ташқари, мазкур бино 2018 йилнинг 21 апрелида 15 миллиард сўм қарздорлиги учун ҳам аукционга қўйилган, кейин эса Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан савдодан олиниб, матбуот вакилларига қайтарилган.

Мавзуга оид