Ўзбекистон | 15:11 / 23.12.2021
26941
5 дақиқада ўқилади

Чустда ҳокимлик машиналари дахлсиз деб эълон қилинганми?

Барчага баробар қонун яна ҳокимликка келганда ишламаяпти. Чуст тумани раҳбарларига қарашли хизмат машиналарида содир этилган, лекин жаримаси тўланмаган қоидабузарликлар сони 30тадан ошиб кетган. Kun.uz'га маълум бўлишича, ЙҲХХ машиналарни жарима майдонига қўёлмаяпти.

Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимлиги балансидаги Cobalt ва Nexia-3 русумли хизмат автомобилларида содир этилган 31та қоидабузарлик учун тайинланган жами 13,5 млнлик жарималар тўланмаяпти. Улар орасида 2018 йилда қўлланилган жарималар ҳам бор.

Бундан ташқари, 9та қоидабузарлик учун 6 млн 425 минг сўм жаримага тортилган Trailblazer гарчи ҳокимлик балансида бўлмаса-да, ундан туман ҳокими Бекзод Ҳамдамов хизмат автомобили сифатида фойдаланаётгани айтилмоқда.

Бекзод Ҳамдамов
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Жарималарнинг аксарияти тезликни оширганлик учун тайинланган. Kun.uz суриштирувида тўпланган маълумотлар шундан дарак бермоқда.

“234”лар коллекцияси

Эътиборли жиҳати, биз бугун ҳикоя қиладиган автомашиналарнинг давлат рақам белгиларидаги рақамлар комбинацияси бир хил – “234”.

Cobalt

Ҳокимлик хизмат машиналари орасида қоидабузарлик содир этилиши бўйича давлат рақами 50 234 NAA бўлган (ҳозирда 50 066 DAV) оқ рангли Cobalt автомобили етакчилик қилмоқда.

Фото: Kun.uz

Бу хизмат автомобилида сўнгги 3 йил давомида 17 марта қоидабузарлик содир этилган. Қоидабузарликларнинг барчаси тезликни оширганлик билан боғлиқ. Қоидабузарликлар учун жами 8 млн 295 минг сўм миқдорида жарималар тайинланган ва улар тўланмаган.

МЖтК 291-моддасига кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солинган кундан эътиборан 60 кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси жарима тўлангунига қадар жарима майдонида ушлаб турилиши лозим.

Лекин 2019 йилдан ҳозиргача тайинланган жарималар тўланмаганига қарамай, мазкур автомобил “очиқ”да қолмоқда. ЙҲХ ходимлари эса чора кўришга шошилмаяпти.

Nexia-3

Ҳокимлик балансида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Баҳодиров фойдаланишида экани айтилаётган, давлат рақами 50 234 TAA бўлган (ҳозирда 50 068 DAV) оқ рангли Nexia-3 автомобили ҳам бор.

Фото: Kun.uz

Мазкур автомобилни бошқариш жараёнида 2018 йил 22 майдан 2021 йил 9 июлгача 14та ҳуқуқбузарлик қайд этилгани маълум бўлиб, улар учун жами 5 млн 189 минг сўмлик жарималар тайинланган.

Ҳуқуқбузарликларнинг иккитаси тўхташ чизиғини босиб кириш, қолган барчаси тезликни ошириш билан боғлиқ.

Жарималар тўланмаётганига 3,5 йилдан ошган бўлса-да, ушбу автомобил ҳам жарима майдонига киритилмаган.

Маълумот учун, Чуст тумани ҳокимлиги хизмат автомобилларининг давлат рақами Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сонли қарорига асосан янги типга ўзгартирилган.

Trailblazer

Kun.uz манбаси расман ҳокимликка тегишли бўлмаса-да, туман ҳокими Бекзод Ҳамдамов хизматида қора рангли Trailblazer автомобили ҳам борлигини таъкидламоқда.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Расман “NAMANGAN TO‘QIMACHI CLUSTER” МЧЖга тегишли бу автомобилдан фойдаланиш жараёнида 2021 йил давомида 9та қоидабузарлик содир этилган. Жами 6 млн 425 минг сўмлик жарималарнинг бирортаси тўланмаган.

Шунча жаримаси бўлишига қарамай, бу қимматбаҳо автомобил ҳам “озодликда”.

Автомобилнинг давлат рақами (50 234 MBA) ҳокимликнинг 2 автомобилиникига ўхшаш экани ҳам тасодиф бўлмаслиги мумкин. Бунда, ЙПХ ходимлари ҳадеб тўхтатавермаслиги мулоҳаза қилинган бўлса ажаб эмас...

Очиқ маълумотларга кўра, “Namangan To‘qimachi Cluster” МЧЖ Наманган вилояти Наманган шаҳрида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, “Namangan To‘qimachi” МЧЖ, “Namangan Toqimachi Holding” МЧЖ ва фуқаро Жобир Акбаров унинг таъсисчилари ҳисобланади.

Дарвоқе, 2021 йил 29 апрелдаги ҳукумат қарорига асосан, туман (шаҳар) ҳокимлари учун БҲМнинг 1000 баравари (270 млн сўм)дан юқори нархдаги хизмат автомобили сотиб олишга тақиқ қўйилган.

Янги Chevrolet Trailblazer LTZ 6АT автомобилининг айни дамдаги нархи эса 398 млн сўмни ташкил этмоқда.

Тўланмаган жарималар ва хизмат машиналари бўйича Чуст туман ҳокимлигидан ҳозирча изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Саволларга ҳокимлик бош ҳисобчисидан жавоб олиш мумкинлиги айтилди, шундан сўнг на ҳисобчи ва на матбуот котиби билан боғланиб бўлмади.

Маълумот учун, Бекзод Ҳамдамов Чуст тумани ҳокими лавозимига 2020 йил 7 июлда тайинланган. Унга қадар (2016-2020) туманга Баҳодир Охунов ҳоким бўлган.

Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра, давлат органи мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида етказилган зарарнинг ўрни давлат ташкилоти томонидан ёки зарар қайси мансабдор шахснинг айби билан етказилган бўлса, ушбу мансабдор шахс томонидан қопланиши лозим.

Чуст туманидаги ЙҲХ масъулларидан “дўстларга – ҳамма нарса, халққа – қонун” қабилида иш кўришни тўхтатиб, қонун барча учун баробар эканини таъминлашларини сўраб қоламиз. Ҳолатга прокуратура органлари ҳам эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид