Ўзбекистон | 13:32 / 23.12.2021
14391
2 дақиқада ўқилади

«Космонавтлар»да вагонлардан бири тутаб кетди

Тошкентдаги «Космонавтлар» метро бекатида поезд вагонида «кичик тутун чиқиш» ҳодисаси рўй берди. Йўловчилар туширилган, жабрланганлар йўқ. Поезд техник кўрикдан ўтказиш учун депога юборилган.

Фото: Фото: t.me/Tashkent_land

Пайшанба куни соат тахминан 12:10-12:15 оралиғида Тошкент шаҳридаги «Космонавтлар» метро бекатида ҳаракатланган поезднинг учинчи вагонида «кичик тутун чиқиш» ҳолати рўй берган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Космонавтлар метро бекатида поезд ёнгани айтилаётгани» ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди. 

Хабарда қайд этилишича, поездда ёнғин келиб чиқмаган. Бекатда йўловчилар вагондан туширилиб, хавфсизлик чоралари кўрилди.

«Бугун, 23 декбарь куни соат 12:15да Шайхонтоҳур тумани «Космонавтлар» метро бекати ичида ҳаракатланиб кетаётган 4 та вагондан иборат таркиб(состав)нинг 3-вагонида техник сабабларга кўра сақлагич (предохранитель) куйганлиги ёки тормоз колодкаси сиқиб қолганлиги тахмин қилинмоқда. Воқеа жойида ҳеч қандай ёнғин содир бўлмаган. Носоз вагон таъмирлаш учун ДЕПОга юборилган.

Фуқаролар хавфсиз жойга эвакуация қилинган, ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ», дейилади хабарда.

Воқеа жойига шаҳар ҳамда туман ФВБ раҳбар ходимлари ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажлари жалб этилган.

Ҳозирда вазият оқибатлари бартараф этилган, метро одатий иш режимида ишламоқда.

«Тошкент метрополитени» 34-сонли ҳаракат таркибида машинист томонидан носозлик аниқлангани ҳақида хабар қилган. «Жабрланганлар йўқ, бахтсиз ҳодиса рўй бермаган. Техник носозлик учун «Тошкент метрополитени» ДУК йўловчилардан узр сўрайди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид