Ўзбекистон | 10:46 / 23.12.2021
16319
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари туман ҳокими бўлди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарлигидан Уйчи тумани ҳокимлигига келган Муҳаммадзокир Маматхонов бу лавозимида бир йил ҳам ишламади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Бугун, 23 декабрь куни халқ депутатлари Уйчи туман кенгашининг навбатдан ташқари қирқ тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Наманган вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирокидаги сессияда туманнинг янги ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.

Туманнинг собиқ раҳбари Муҳаммадзокир Маматхонов саломатлиги туфайли ўз аризасига кўра туман ҳокими лавозимидан озод этилди.

Наманган вилояти ҳокимининг қарори ҳамда туман кенгаши депутатлари тасдиғи билан Шуҳрат Мусаев Уйчи тумани ҳокими этиб тайинланди. 

Шуҳрат Мусаев туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”ни туман кенгашида тақдимот қилди. Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шуҳрат Мусаев 1973 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 1996 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. 

Мусаев 2017 йилдан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси лавозимида ишлаган, 2021 йил 24 февралида Мусохон Апоқов ўрнига вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Ундан аввалроқ, 19 феврал куни Наманган шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Уйчи тумани «тўртлиги» ишдан олинганди. Президент йўл қўйилган камчиликлар туфайли Уйчи туманининг тўртта сектор раҳбари - туманга 2018 йил августидан буён ҳокимлик қилиб келган Муҳаммадаюбхўжа Апақов, шунингдек, туман прокурори Улуғбек Номанов, ички ишлар бўлими бошлиғи Авазбек Хўжахонов ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Адҳамжон Маҳмудовни ишдан олишга кўрсатма берганди.

23 февраль куни эса 2020 йилнинг ёзидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи бўлган Муҳаммадзокир Маматхонов Уйчи туманининг янги раҳбари сифатида таништирилганди.

Мавзуга оид