Ўзбекистон | 17:54 / 25.12.2021
17490
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan GTL заводи ишга туширилди

Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган "Uzbekistan GTL" заводи ишга туширилди. Завод 2022 йил 1 мартда тўлиқ режимга чиқади.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ишга туширилган заводнинг ноёб технологик устунликлари ва мамлакатдаги бошқа саноат лойиҳаларидан ажралиб турувчи хусусиятлари ҳақида сўз юритди. 

Жумладан, бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилган. Мажмуа қурилишида бир вақтнинг ўзида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчи-қурувчилар қатнашган. Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилди. Ишлаб чиқаришга доир технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патент олинди.

Президент завод қурилишида иштирок этган барча муҳандис ва қурувчиларга, лойиҳани амалга оширишга кўмаклашган хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

"GTL заводи ва Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш бўйича лойиҳалар Янги Ўзбекистонда янги саноат даврини яратиш йўлидаги илк йирик қадамларимиздан биридир.

Биз қанча оғир бўлмасин, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш ва халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиш йўлида маррани баланд олиб ишлаш ва яшашга ўргандик. 

Янги йил остонамизда эшик қоқиб турган ушбу қувончли лаҳзаларда, барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизга, саноат соҳасининг жонкуяр ва фидойи ишчи-ходимларига чуқур эҳтиром билан таъзим қиламан", деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид