Жамият | 16:37 / 26.12.2021
14918
8 дақиқада ўқилади

Қиш мавсумида оила аъзолар саломатлигини асрашда нималар муҳим?

Қишда доимий равишда шамоллаш организм дуч келиши мумкин бўлган ягона хавф эмас. Эътибор қаратилиши керак бўлган бошқа жиҳатлар ҳам мавжуд.

Фото: Halfpoint / Shutterstock

Қишда организмда нималар содир бўлади?

Қорбўрон ўйнаш, қор бола ясаш ва сноубордларда учиш жуда мароқли, бироқ олимларнинг мавсумий касалликлар статистикаси бўйича кузатувлари натижаси у қадар ижобий эмас. Айрим тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одамлар қиш фаслида кўпроқ касал бўлади, йилнинг совуқ даврида ўлим кўрсаткичи ҳам ортади.

Умуман олганда, совуқ ҳақиқатан ҳам хавфли ҳодиса бўлишига қарамай, барига уни айбдор қилиш ярамайди. Айрим мамлакатларда айнан қишда кўпаядиган юрак қон-томир касалликларидан ҳимоя қилишда қалпоқ кийиш ёрдам бера олмаслиги аниқ.

Кўчада ҳаво ҳарорати пасайганда қон босими ва холестерин кўрсаткичи ўсади. Шунинг учун йилнинг совуқ даврида овқатланиш ва тонометр кўрсаткичига айниқса эътиборли бўлиш янада муҳим. Яна қиш ойларида ҳаво намлиги пасаяди: қуруқ ҳаво эса инфекция қўзғатувчиларига майда зарраларга бўлиниш ва ҳавода кўпроқ қолиш имконини беради. Демак, грипп юқтириб олиш хавфи ортади. Хавфни камайтиришда ниқоб тақиш, сув ичиш режими ва ижтимоий масофага амал қилиш ҳамда қўлларни мунтазам ювиб юриш ёрдам беради.

Иммунитетни мустаҳкамлаш ва организмнинг инфекциялардан ҳимояланишига D витамини ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, «қуёш» моддаси кўтарилган қон босими ва холестерин даражасини пасайтириши мумкин. Бу эса совуқ мавсумда айниқса муҳим. Қиш фаслида тез-тез кузатиладиган витамин етишмовчилиги ҳам қандли диабет, қон босими ошиши ва юрак етишмовчилиги хавфи ортиши билан боғлиқ.

D витамини организмга нима учун керак ва у етишмаётганини қандай билиш мумкин?

D витамини соғлом суяклар асоси бўлган кальций организмга сўрилишида ёрдам беради. Мазкур витамин етишмаслиги остеопороз ва рахитга олиб келиши, шунингдек, суяк тўқимаси йўқолиши туфайли синишлар хавфини оширади.

Бундан ташқари, айрим тадқиқотчилар «қуёшли» ёрдамчи дефицитини тери яллиғланиши, шунингдек, депрессия ҳолати пайдо бўлиши ва мавсумий аффектив бузилишлар ривожланиши хавфи билан ҳам боғлашади. Бу унинг сератонин фаоллашувига таъсири билан изоҳланади. Яна шундай маълумотлар борки, уларга кўра, D витамини иммунитет ва мушаклар саломатлигини қўллаб-қувватлайди. Унинг етишмовчилиги эса саратоннинг айрим турлари учун ўлим кўрсаткичи ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Айрим кишиларда витамин етишмовчилиги эҳтимоли юқори бўлиши мумкин. Масалан, она сути билан боқиладиган гўдаклар, кексалар, қора танли ва ортиқча вазнли кишилар, шунингдек, сурункали касалликлари бўлганлар хавф гуруҳига киради. Айрим стероид дорилар, масалан, силга қарши препаратлар ва озиш учун воситалар витамин кўрсаткичини пасайтириши мумкин. Қиш фаслида эса витамин етишмовчилиги кўчага кам чиқадиган ва қуёш нурини кам оладиган кишиларда ривожланиши мумкин.

Витамин танқислиги белгилари ўзига хос эмас. Шунинг учун мутахассис маслаҳатисиз ва қон таҳлилисиз ўзингизни ёмон ҳис қилишда айнан витамин танқислигини айбдор деб кўрсатиш мушкул. Мушаклар кучсизлиги, суяк ва бўғимлардаги оғриқлар, кайфият тез ўзгариши, депрессияга яқин ҳолатлар ҳамда умумий ҳолсизлик танқислик белгилари бўлиши мумкин.

D витаминини қайси манбалардан олиш мумкин?

Қуёш нури

Фото: everst / Shutterstock

Норма бўйича D витамини тери ҳужайраларида қуёш нури таъсирида ишлаб чиқарилади. Шунинг учун йилнинг исталган мавсумида сайрга чиқиш муҳим. Иложи борича шундай кийиниш керакки, юз ва кафтлар ультрабинафша нурларини олиш учун очиқ ҳолда бўлсин. Тери билан қуёш нурининг бевосита контактисиз витамин ишлаб чиқарилмайди. Шунингдек, бу борада балконда «сайр қилиш» ва дераза ёнида ишлаш ҳам бефойда: ойна орқали етарли миқдорда ёруғлик тушиши имконсиз.

Қиш ойларида кўчага тонгги вақтларда чиқиш керак. Чунки ультрабинафша нурлари фаоллиги ва унинг индекси тушдан кейинги соатларда пасайиши мумкин. Бироқ кўп сайрга чиқишга одатланганларда ҳам дефицит билан тўқнаш келиш хавфи бор. Гап шундаки, D витамини ишлаб чиқариш даражаси нафақат ультрабинафша нурлар фаоллиги, балки қуёш нури тушиш бурчагига ҳам боғлиқ бўлади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Агар куз ва ёз фаслида витаминни бевосита олиш имкони бўлмаса, у ҳолда мувозанатни овқатланиш ёрдамида тўлдириш мумкин. Бироқ бу ерда ҳам ўзига хос мураккабликлар бор: витамин бир неча маҳсулотлар таркибидагина ва кичик дозаларда мавжуд. Лактоза, балиқ ва гўшт истеъмол қилмайдиган кишиларда уни керакли миқдорда олиш айниқса мушкул.

Витамин жониворлардан олинадиган маҳсулотлар, масалан, сариёғ ва тухум сариғи таркибида энг кўп миқдорда бўлади. Қизиқ жиҳати, йилнинг турли мавсумларида айнан бир маҳсулотдаги витамин миқдори турлича бўлади: масалан, баҳор фаслида харид қилинган тухумда куздаги тухумга қараганда D витамини кўпроқ бўлади. Сут таркибида мавзкур витамин кўп миқдорда эмас, шунинг учун кўплаб ишлаб чиқарувчилар витамин концентрацияси сунъий равишда оширилган бойитилган маҳсулот ишлаб чиқаради. Масалан, Канадада ана шундай сут ишлаб чиқариш қонун билан талаб қилинади. D витамини пишлоқ таркибида ҳам бор. Бироқ витаминнинг суткалик дозасини олиш учун уч килограммдан ортиқ пишлоқ истеъмол қилиш керак бўлади.

Балиқда витамин юқори дозаларда мавжуд. Айниқса илон балиқ, сардина, скумбрия ва треска жигари D витаминига бой. Мол жигари ҳам бу борада яхши манба бўла олади. Бироқ гўшт ва гўшт маҳсулотлари таркибида витамин миқдори бўйича балиқдан анча ортда қолади. Гўшт танлашда эътибор бериш керак бўлган жиҳат шуки, ёғсиз гўштда ёғли гўштга қараганда D витамини камроқ бўлиши мумкин.

D витамини юқори ҳароратга чидамли. Термик қайта ишлов беришда унинг миқдори жуда оз кўрсаткичга камаяди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, витамин ҳатто пастеризация қилинган сут ва стерилланган маҳсулотларда ҳам сақланиб қолади. Айрим ҳолларда эса овқат тайёрлаш жараёнида унинг концентрацияси ҳатто ортади. Масалан, стейк тайёрлашда гўшт намликни йўқотади, унинг таркибидаги қуруқ витамин миқдори эса ортади.

Дори-дармонлар

Баъзида витамин даражасини қуёшда бўлиш ва озиқ-овқат маҳсулотлар истеъмоли билан назорат қилиш мушкул. Мазкур масалаларда инсонга боғлиқ бўлмаган омиллар жуда кўп. Қутбли тунларга эга шимолий минтақалар, жониворлардан олинадиган маҳсулотлар истеъмоли истисно этилувчи парҳезлар, қуёш нурида кўп туриш имконсиз бўлган саломатлик билан боғлиқ ҳолатлар – бу ва бошқа кўплаб ҳолатларда витаминнинг дори шаклида мутахассис томонидан буюрилишидан фойдаланиш мумкин.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, дефицит олдини олишда синтетик D витамини самараси очиқ ҳавода бўлиш самарасидан кам эмас. Яна витаминнинг синтетик шакли ўтган асрда рахит эпидемиясини тўхтатди. Шунингдек, таркибида D витамини бўлган дори воситалари 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган кишилар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, кексаларга турли дозаларда тавсия этилиши мумкин.

Мавзуга оид