Фан-техника | 21:38 / 28.12.2021
98646
1 дақиқада ўқилади

Apple SIM-карталарсиз смартфонлар ишлаб чиқаради - ОАВ

Фото: Getty Images

АҚШнинг Apple компанияси SIM-карталарсиз смартфон ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда. Бундай смартфонларда SIM-карталар ўрнига eSIM қўлланади. Ушбу технология телефонда жисмоний ташувчига (SIM-карта) боғламаган ҳолда бир ёки бир нечта рақамларни қўллаш имконини беради, деб хабар берди MacRumors нашри.

Таъкидланишича, компания АҚШдаги мобил алоқа операторлари билан бу борада музокаралар ўтказиб, уларга виртуал SIM-карта (eSIM) билан жиҳозланган смартфонлар чиқишига тайёр туришни тавсия қилган.

Инсайдерлар маълумотларига кўра, компания 2022 йилнинг 2-ярмидан SIM-карталар учун разъёмлар бўлмаган смартфонларни ишлаб чиқаришни бошлайди. Ушбу янгилик нафақат янги iPhone 14 моделларида, балки ҳозирда ишлаб чиқарилаётган iPhone 13’ларда ҳам татбиқ этилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, SIM-карта разъёмидан воз кечиш қурилманинг яроқлик муддатини оширишга имкон беради.

Шу билан бирга, “симка”сиз iPhone’лар фақат АҚШ бозори учун ишлаб чиқарилиши эҳтимоли мавжуд.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид