Ўзбекистон | 08:01 / 29.12.2021
40695
4 дақиқада ўқилади

Фермер хўжалигига юклатилган 9 та мажбурият бекор қилинади

“Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 5- ва 10-моддаларидаги фермер хўжалиги фаолияти учун ажратиладиган ер майдонлари тоифалари ва ҳажми “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга мувофиқлаштирилмоқда.

Президентнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида белгиланган фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари бериш тартибидан туман ҳокимларининг ер майдонларини ажратиш ҳамда ажратишни рад этиш билан боғлиқ нормалар ва механизмлар чиқариб ташланмоқда.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 5-, 17-, 25- ва 32-моддаларида фермер хўжалигига юклатилган қуйидаги 9 та мажбурият ушбу қонундан чиқариб ташланмоқда:

ер участкалари берилганда қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонунчиликда белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбурияти – қонуннинг 5-моддаси;

агар ижарага олиш шартномасида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, ер участкаси берилган вақтдан эътиборан бир йил ичида ундан фойдаланишга киришиш мажбурияти – қонуннинг 17-моддаси;

тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш мажбурияти – қонуннинг 17-моддаси;

сув ресурсларидан сув истеъмоли тўғрисидаги шартномага мувофиқ фойдаланиши, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш мажбурияти – қонуннинг 17-моддаси;

фермер хўжалиги аъзо бўлган сув истеъмолчилари уюшмаси балансида турган суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ва таъмирлашда белгиланган тартибда иштирок этиши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши мажбурияти – қонуннинг 17-моддаси;

меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини, ўз ходимлари, шу жумладан фермер хўжалигида меҳнат қиладиган оила аъзолари, вақтинча (мавсумий) ёлланадиган фуқаролар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш мажбурияти – қонуннинг 17-моддаси;

қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти – қонуннинг 17-моддаси.

Шунингдек, фермер хўжаликларига мажбуриятлар фақат қонун орқали берилиши лозимлиги, қонуности ҳужжатларида уларга мажбурият юклатилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги асосланган ҳолда қонуннинг 17-моддаси иккинчи қисмига ўзгартиш киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларга ер майдонларини ажратиш, бунда ажратиладиган ер майдонларининг тоифаси ва ҳажми бўйича қонун ҳужжатлари ўзаро мувофиқлаштирилади, уларни аниқ ва бир хилда қўллаш имконияти юзага келади. 

Фермер хўжаликларига юклатилган мажбуриятлар камайтирилади ва оптималлаштирилади, натижада фермер хўжаликлари фаолиятига давлат аралашуви кескин қисқартирилади, уларнинг мустақиллиги таъминланади ҳамда ўзларининг ишлаб чиқариш фаолиятидан иқтисодий манфаатдорлиги ошади, дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид