Жамият | 20:15 / 05.01.2022
32660
4 дақиқада ўқилади

“Ҳозирги ойлигимнинг 3 бараварини таклиф қилишди” – андижонлик дастурчи йигит ҳикояси

Аввал хабар берганимиздек, “Digital Uzbekistan” лойиҳаси доирасида илк ташриф Андижон вилоятига амалга оширилди.

Ташриф давомида вилоятдаги дастурчи ёшлар билан интервьюлар ўтказдик. Ана шундай ёшлардан бири Акмал Қиличбеков бўлди.

Қаҳрамонимиз 1993 йил Андижон вилоятида туғилган. 2016 йил Тошкентдаги Турин политехника университетини тамомлаган. 6 йилдан буён дастурчи сифатида фаолият юритади.

Ҳозирги ойлигимнинг 3 баравари эди

Соҳага кириб келганимнинг дастлабки 6 ойида соҳани тарк этишни ўйлаб иккиланиб юрганман. Чунки, дастурчилар учун ҳар бир кун турли янгиликлар, синовлар билан ўтади. Ҳозир кўпчилик IT’га қизиқяпти. Бу албатта яхши, аммо асосан моддий тараф, яъни дастурчилар кўп пул топади, деган қараш бор. Менимча, соҳага қизиқтиришда IT’ни ўрганиш учун зарур бўлган билимлар нуқтайи назаридан ёндашиш самаралироқ бўларди. Агар билим бўлса, пулни ўзи ортингиздан келади.

Яқинда ўзим ҳам SAP имтиҳонига тайёрланиш учун 14та китобни ўқиб тугатишимга тўғри келди. Мен имтиҳондан ўтиб, SAP сертификатини олдим ва Европанинг нуфузли компаниясидан менга иш таклиф қилишди. Таклифда тилга олинаётган сумма ҳозирги ойлигимнинг 3 баравари эди. IT’да сиз оддий одамлар учун тушунарсиз бўлган нарсаларни оддий одамлар тушунмайдиган йўллар билан ечишингиз керак. Бунинг учун эса доимо ўқиш ва ўрганишда бўлишингиз лозим.

Ўзим ёзган дастурларни реал ҳаётда кўришни хоҳлаганман

Бошида соҳада ишлаб юрган кезларим мен ҳам кўп қийинчиликларга дуч келганман. Чунки, бу соҳа Ўзбекистонда янги, сўраб ўрганиш учун ҳам мутахассислар йўқ эди. Шундай даврларда ишдан келгач, мустақил ўқиб-ўрганардим. Русларда шундай мақол бор: “Қилаётган ишингни яхши кўр, яхши кўраётган ишингни қил”. Яъни, сиз бу соҳанинг қийинчиликларига чидаб, ‘челленж’ларни бошдан ўтказишга тайёр бўлсангиз, муваффақиятга эришасиз.

Муҳандислик соҳасидан IT’га ўтишимга сабаб ўзим ёзган дастурларни реал ҳаётда кўришга бўлган қизиқиш бўлган. Бундан ташқари, IT жамиятнинг деярли барча жабҳаларига кириб бўлди. IT’да даромад ошиши сизнинг соҳада қай даражада ўсишингизга боғлиқ. Раҳбарингиз сизнинг йиллик натижаларингизга қараб даромадингизни 30/50/100 фоизларга ошириши мумкин. Бу, албатта, сизнинг фаолиятингизни баҳолаш натижасида амалга оширилади. Даромадлар ҳақида батафсилроқ айтадиган бўлсам, Ўзбекистондаги Senior Developer’лар 3000 АҚШ долларгача ойлик олишади. Агар Ўзбекистонда туриб хорижий компанияда ишласангиз, 5000 АҚШ доллар ва ундан юқори даромад қилишингиз мумкин. Бу миқдорлар давлатларга қараб ўзгаради. Масалан, Германияда Senior Developer’лар 8000 АҚШ доллар ва ундан юқори миқдорда маош олишади.

Портфолиоси ҳам ҳисобга олинсин

Ўзбекистонда IT’ни ривожлантириш учун бир амалиётни йўлга қўйиш керак деб ҳисоблайман. Яъни, ҳарбий хизматни ўтаган йигитларга бериладиган имтиёзлар каби IT’да ҳам билим ва тажрибага эга ёшларга имкониятлар яратилиши керак. Чунки, соҳада билими, тажрибаси бор ёшлар ҳам диплом бўлмаганлиги сабабли ишга киришда қийинчиликларга дуч келишади. Шахсан ўзимнинг ҳам шундай танишларим бор. Демоқчиманки, олий ўқув юртига қабул қилишда, уларнинг портфолиосига қараб қандайдир имтиёзлар яратилса, бу нафақат таълим, балки ёшлар учун ҳам фойдали иш бўлади.

Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.

Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди
Мирвоҳид Мирраҳимов, оператор

Мавзуга оид