Ўзбекистон | 18:13 / 06.01.2022
2322
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ресторан омборхонасидан қурилиш молларини ўғирлаган шахс ушланди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги ресторан омборхонасидан қурилиш молларини ўғирлаган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Каттақўрғон шаҳри Обод кўчасида яшовчи фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида 2021 йил 27 декабрдан 2022 йил 3 январгача оралиқда номаълум шахс унинг қурилиши битмаган ресторани омборхонасидан таъмирлаш учун олиб келинган, умумий баҳоси 8,4 миллион сўм бўлган 132 дона бўёқ солиган идишларини ва 4 дона елим челакда бўлган “травертин” қурилиш маҳсулотини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинганини маълум қилган.

Каттақўрғон шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида, ушбу жиноятни Каттақўрғон шаҳар Ғариб мачит маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган Х.С. содир этгани аниқланиб, у танишига сотган 34 дона бўёқ тегишли тартибда далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид