Жамият | 13:13 / 13.01.2022
31946
5 дақиқада ўқилади

«Бунақа портлайди деб ўйламагандик» – Тошкентда қўлбола ўт ўчириш мосламасини портлатганлар иқрори

Янги йил кечаси «Самарқанд дарвоза» олдида портлатилган қўлбола «огнетушитель» Янгийўл туманида тайёрланган. Ҳодисага алоқадор бўлган 13 кишига айблов эълон қилинган.

Тошкентда янги йил арафасида «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида қўлбола «огнетушитель» портлатилган, бунинг оқибатида 3 киши жароҳатланганди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича 4 кишига нисбатан қўзғатилган жиноят ишига оид олиб борилаётган тергов тафсилотларини очиқлади.

Мазкур ҳодиса ортидан терговга жалб этилган шахсларнинг маълумот беришича, Тошкент вилояти Янгийўл туманининг айрим маҳаллаларида янги йил байрам арафасида қўлбола усулда пиротехника воситаларини тайёрлаб сотиш авж олади.

Аввалги йилларда ҳам худди шундай ўт ўчиргичларда синаб кўрилган портлатишлар интернетда тарқалган ва буни кўрган Тошкент шаҳрида яшовчи йигит янгийўллик таниши билан боғланиб, худди шундай мослама топиб беришни сўраган.

«Бунақа даражада банғиллайди деб кутмагандик. Жуда ваҳимали бўлди. Огнетушитель ясаш бўйича видео кўргандим. Янгийўллик болалар ясагани ҳақида. Ўша видеони янгийўллик оғайнимга ташаганимда у «Бу нарса бизда ясалган» деб айтган. У нарса пулли экан. Аслида мен текин деб ўйлагандим, лекин охирида пулли бўлиб чиқди. Шундан кейин пул беришга мажбур бўлдим. Аслида 500 минг сўм беришимиз керак эди, лекин 470 минг бердик», дейди «Самарқанд дарвоза» савдо маркази қаршисида портлатилган қўлбола мосламани сотиб олган ўспирин.

Аниқланишича, мосламани тайёрлаш учун турли кимёвий моддалар ва енгил автомобилнинг эҳтиёт қисмларидан фойдаланилган. Бу усулни бир неча йилдан бери қўллаб келаётган трактор ҳайдовчиси ёшларга уни қандай тайёрлашни ўргатган.

«Пул таклиф қилди. 80 минг сўм бераман деди. Қўйгин, мана, ол, олиб кетавер десам кейин 80 минг ташлаб кетибди», дейди трактор ҳайдовчиси.

«Кейин уни олиб қўлбола шаклда магний ясадим. Қўшним Зиёвуддин менга таклиф берди. «Курсдошим бор, ҳар йили шунақа огнетушитель олиб портлатаркан. Бу йил тополмабди, ясаб бера оласанми?» деб сўради. Хизмат ҳақи 500 минг сўм деб айтилганди. 470 минг сўм пул олдим», дейди қўлбола портловчи мосламани ясаган шахс.

Ҳаммаси тайёр бўлгач, портловчи мосламани ишга тушириш учун аҳоли гавжум бўлган ҳудуд танланади. Ёшлар портлаш қулоқни қоматга келтирувчи овози ва аланга баландлиги билан кўпчиликни ҳайратга солишини мақсад қилишган.

«Машиналар орасидан ўтиб, йўлнинг ўртасидаги «бордёр»га қўйдик. Мен ўзим ёқдим. Ёққанимдан кейин 10 секундми 15 секунддан кейин портлади. Воқеа жойида 2 дақиқача турганимдан кейин у ердан кетдим. Уйга бориб, телефонимни ўйнаб ўтирсам, икки бола жароҳатлангани ҳақида видео келиб қолди», дейди ҳодиса ташкилотчиларидан бири.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, портлаш оқибатида М.С. (1997 йилда туғилган) қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши, М.А. (1999 йилда туғилган) ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати ҳамда Х.Н. (2006 йилда туғилган) ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси ташхиси билан турли кўринишдаги тан жароҳати олган.

«2006 йилда туғилган беморга шошилинч равишда ўнг оёқ панжасининг тўртта бармоғини реплантация қилиш (узилиб кетган бармоқларни улаш) операцияси бажарилди. Ҳозирги вақтда бемор микрохирургия бўлимида стационар даво олмоқда», дейди жарроҳ Равшан Ирисметов.

Мутахассиснинг айтишича, портлаш натижасида жабрланган икки боланинг аҳволи қониқарли бўлгани боис, уларнг муолажани уй шароитида давом эттиришига рухсат берилган. У бунақа ҳолатлар янги йил байрами арафасида ҳар йили кузатилишини таъкидлайди.

«Йўлнинг ўртасига одамлар кўп бўлиб йиғилди. Огнетушитель қўйишди. Ким қўйганини кўрмадим одам кўп бўлганидан. Одам тарқалгандан кейин қарасам огнетушитель экан. Мен одамлар тўпланиб турган пайтда «салют» қўйишяпти деб ўйлагандим. Портлаш зарбаси «удар» билан келди, бошида ҳеч нарсани сезмадим. Ёнимдаги одам оёғим қонаганини айтиб қолди. Кейин ўша ердаги акалар кўтариб машинага ўтирғизишди-да, шифохонага олиб келишди», дейди жабрланувчи.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, олиб борилаётган тергов тезкор ҳаракатлари давомида мазкур ҳодисага алоқадор бўлган 13 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. 5 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинган, яна 5 нафари маъмурий жаримага тортилган.

«Айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 250-моддаси «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддага асосан айбдор шахслар 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин», дейди Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси катта терговчиси Миржалол Исроилов.

Мавзуга оид