Ўзбекистон | 09:43 / 15.01.2022
2241
1 дақиқада ўқилади

Навоийда қарздорлигини тўламаётган 92 нафар шахс қидирувга берилган

Навоий вилоятида узоқ муддатдан буён қарздорлигини тўламаётган 442 нафар шахсдан 92 нафари қидирувга берилган. Уларнинг 22 нафари чет давлатларга чиқиб кетган, 70 нафарининг эса яшаш жойи номаълум. Бу ҳақда Kun.uz'га МИБ Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, МИБ органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар бошқарма томонидан 3,912 трлн сўмлик 412 минг 300 та ҳужжатнинг ижроси таъминланган. 2021 йилда эса 1,249 трлн сўмлик 117 477 та ижро ҳужжати юзасидан тегишли тадбирлар амалга оширилган. Шундан 828 млрд сўмлик 72 782 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 55 615 та ижро иши бўйича 461,2 млрд сўм маблағ (давлат фойдасига 165,8 млрд сўм, хўжалик юритувчи субъектларга 264,4 млрд сўм ҳамда фуқароларга 31 млрд сўм) ундирилган.

Шунингдек, ўтган йилда вилоятда қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 156 нафар шахс қайта ишга тикланган ва тўланмай қолган 1,2 млрд сўмлик иш ҳақлари ундирилган. Бюро органлари томонидан вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган 223 нафар шахсга маъмурий, 23 нафар шахсга эса жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Мавзуга оид