Ўзбекистон | 11:59 / 21.01.2022
32767
3 дақиқада ўқилади

Диний қўмита ўзбекистонлик Умра зиёратчилари учун эслатма билан чиқди

Фото: AP

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Умра зиёратчилари учун муҳим эслатма билан чиқди. Маълум қилинишича, Саудия Арабистонида белгиланган карантин талабларига кўра, Масжиди Набавий зиёрати ва Умра тадбирини амалга ошириш “Tawakkalna” ва “Eatmarna” мобил дастурлари орқали амалга оширилмоқда.

Шунга кўра, зиёратга кетаётган фуқаролар сафардан олдин ушбу иловаларни ўз телефонларига юклаб олиши сўралмоқда:

Andriod дастури учун:

·        Tawakkalna

·        Eatmarna

IOS дастури учун:

·        Tawakkalna

·        Eatmarna

Мазкур дастурлар телефонда “геолокация” ва “интернет” ёқилгандагина ишлайди. Бу дастурлар зиёратчи Саудия Арабистони давлат чегарасидан ўтиб, Мадина шаҳрида тегишли маълумотлар билан тўлдирилгандан кейингина ишга тушади.

Зиёратчи Саудияга етиб бориши билан Саудия мобил алоқа оператори сим картасини харид қилади ва интернет тўпламини ишга туширади. Сим картани аэропортда ёки Мадина шаҳридаги меҳмонхонада харид қилиш мумкин бўлади.

“Умра қилиш мобил дастури” зиёратчига 1 мартагина умра амалини бажаришга ва фақат 5 маҳал намозга чиқишига рухсат бериши мумкин. Қайта умра қилиш учун “Tawakkalna” ва “Eatmarna” орқали сўровнома берилади. Тизим рухсат берган муддатда “Оиша она” – Танъийм масжидидан эҳромга кириб кейин яна умра амалини адо этиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик биринчи гуруҳ зиёратчилар шу йилнинг 22 январь куни Умра зиёратини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетиши кутилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси пандемия талаблари, Саудия Арабистонида 15 фоизлик ҚҚСнинг жорий қилиниши ҳамда нарх-наво кўтарилгани сабабли ўзбекистонлик умра зиёратчилари учун тўлов миқдори оширилган, дея изоҳ берганди.

Мавзуга оид