Ўзбекистон | 13:01 / 24.01.2022
1646
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистоннинг 2022 йил учун бюджети салкам 4 трлн сўм бўлиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан тайёрланган инфографикада 2022 йил учун Қорақалпоғистон Республикасининг маҳаллий бюджет параметрлари таҳлил қилинди.

Қорақалпоғистон Республикасининг 2022 йил учун жами бюджет даромадлари 3 трлн 874,2 млрд сўм миқдорида режалаштирилган. Ушбу даромадларнинг 61 фоизи (2 трлн 356,2 млрд сўм) Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети даромадлари ва 39 фоизи (1 трлн 518,0 млрд сўм) эса Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлардан иборат.

2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 27,6 трлн сўм бўлиши режа қилиниб, 2021 йилга нисбатан 5,2 фоизга ўсиши кўрсатиб ўтилган. ЯҲМ 2023 йилда 6 фоизга ва 2024 йилда 6,4 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

Қорақалпоғистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳисобланган саноат соҳасининг ўсиш суръати 2022 йилда 105,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўсиш суръати 103,2 фоиз ҳамда чакана товар айланмасининг ўсиш суръати 111 фоиз бўлиши режалаштирилган.

Энг кўп маблағ ажратиладиган соҳалар:

- соғлиқни сақлаш соҳаси (ташкилот ва соҳалар учун тақсимланган маблағларнинг 32,9 фоизи);

- кам таъминланган ва кўп болали оилаларга моддий ёрдам пуллари (15,4 фоиз);

- халқ таълими соҳаси (14,4 фоиз);

- инвестиция харажатлари (8,2 фоиз);

- давлат ҳокимияти органлари (6,3 фоиз);

- ободонлаштириш (5,8 фоиз);

- сув хўжалиги (5,1 фоиз), ОТМ ва мактаблар реконструкцияси (4,2 фоиз).

2021 йилнинг охирида Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев 2022 йилда маҳаллий бюджет даромадлари 2 трлн сўмга етказилиши ва 140 фоизга ўсиши таъминланиши режа қилингани ҳақида айтганди.

Мавзуга оид