Жаҳон | 20:22 / 27.01.2022
80802
6 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияга тўртинчи бор «йўқ» деди. Бу сафар хат кўринишида

АҚШ Россиянинг хавфсизлик бўйича талабларига хат кўринишида жавоб қайтарди. Унинг тафсилотлари аниқ эмас, лекин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Россиянинг асосий талаби бўлмиш Украинани НАТОга қабул қилмаслик талаби кескин рад этилган.

Фото: EPA

2021 йил октябр ойидан бошлаб Ғарб нашрларида Россия Украина билан чегарада 100 мингдан ортиқ аскар тўплагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. АҚШ Россияни яна бир марта Украинага бостириб киришга уринишда айблади. Воқеалар ривожи тезлашиб кетгач, Байден ҳамда Путин бир неча марта суҳбатлашиб, музокаралар столига ўтиришга келишиб олди.

Россия инқирозли вазият фонида Ғарбдан Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТО аъзосига айланмаслиги бўйича ҳуқуқий кафолат талаб қила бошлади. Бу бўйича уч марта серияли музокаралар ўтказилди. Аввалига Женевада АҚШ – Россия форматида, кейинчалик Брюсселда НАТО – Россия форматида, Венада эса ЕХҲТ вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Бу учрашувларда ҳам Ғарб ва хусусан АҚШ Россиянинг асосий талаби бўлмиш Украинани НАТОга қўшмаслик талаби бажарилмаслигини маълум қилди.

АҚШ ҳеч бир давлат сиёсий тақдирини ҳал қилмаслигини билдирган бўлса, НАТО ҳеч кимга бошқа давлат учун альянс йўлини тўсишга йўл қўймаслигини таъкидлади. Бу музокаралар самара бермагач, вазият жиддийлашиб бораверди. Шунда АҚШ ва Россия асосий дипломатларини ўзаро учраштирди. Женевада АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирокида музокара бўлиб ўтди.

Блинкен ва Лавров учрашувида фақат битта янгилик айтилди: АҚШ Россиянинг сўрови билан илгари сурилган талаб бўйича хат кўринишида жавоб берадиган бўлди. Ўша жавоб 26 январ куни кечқурун Россияга АҚШ элчиси Салливан томонидан етказилди. АҚШ элчиси Россия ТИВга боргани ОАВда ёзилди. У қўлида қалин папка билан кириб кетган ва ярим соатдан кейин чиқиб кетган. Салливаннинг ТИВга боргани ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмади. Фақат ТИВ унинг вазирликка келганини тасдиқлади.

Россияга хат кўринишида жавоб берилгани муносабати билан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен матбуот анжуманида иштирок этди. У хатнинг тафсилотларини ошкор қилмади, лекин унда нималар ҳақида сўз борганига тўхталди. Хусусан, АҚШнинг расмий жавобида ядро қуролини биргаликда жиловлаш ва ҳарбий машғулотларни назорат қилиш каби Блинкен аввал ҳам тўхталган компромисслар ўрин олган. Давлат котибининг айтишича, хат Украина ва АҚШ иттифоқчилари билан келишилган ҳолда ёзилган.

«Бу расмий бўлмаган, музокарага оид ҳужжат. Хатда шунчаки улар (Россия) ҳаракатланишга жиддий бел боғласа, биз коллектив хавфсизлик йўлида бирлаша олишимиз келтирилган», деди Блинкен.

АҚШ давлат котибидан Россиянинг асосий талаби – Украина НАТОга қўшилмаслиги бўйича кафолат сўровига қандай жавоб берилгани сўралди. «Бизнинг томондан қараганда НАТО эшиклари очиқ ва шундайлигича қолади. Биз бу принципда содиқмиз», деди Блинкен.

«Муросага бормоқчи эмасмиз»

CHRISTIAN MARQUARDT - POOL/GETTY IMAGES

Блинкендан кейин НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам брифингда қатнашиб, альянс эшиклари ҳеч ким учун ёпилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

«Биз бу борада муросага бормаслигимизни яна бир бор такрорладик. Ҳар қайси давлат ўз тақдирини мустақил ҳал қилади. НАТО давлатларнинг қарорини ҳурмат қилади: Украина каби альянсга қўшилишни истайдиганларни ҳам, Финландия ва Швеция каби қўшилишни истамайдиганларни ҳам», деди Столтенберг.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШнинг хат кўринишидаги жавобида ҳеч қандай янги гап йўқлигини айтди. Шунингдек, Америка томони ундаги деярли барча тафсилотларни гапириб бўлганини айтиб, истеҳзо қилди: «АҚШ томони хатнинг тафсилотлари ҳақида шунчалик кўп гапирдики, унда айтилмаган нарса қолмади».

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам АҚШнинг жавобида оптимизмга ундайдиган кўп нарса йўқлигини таъкидлади. Песковга кўра, хатни Путинга етказишган.

REUTERS

Битта хатни ёзиш учун 180 та учрашув

New York Times АҚШ юборган жавобдаги баъзи тафсилотларни аниқлаган. Унга кўра, АҚШ олдин ҳам илгари сурган таклифини такрорлаган. Яъни, Россияга биргаликда ядро қуролини назорат қилиш, яқин ва ўрта масофадаги ракеталардан воз кечиш бўйича келишувга қайтишни таклиф қилган. Бу келишув 1987 йилда Рональд Рейган ва Михаил Горбачёв ўртасида имзоланган. 2019 йилда эса Дональд Трамп ташаббуси билан АҚШ келишувдан чиқиб кетган. Олдинроқ Энтони Блинкен АҚШ Россияга максимум шу келишувга қайтиши мумкинлигини айтганди. Хатда ҳам максимум компромисс сифатида айнан шу таклиф келтирилгани тахмин қилиняпти.

ОАВда чиққан хабарларга кўра, хатда яна бир қизиқ тафсилот бор. Унга кўра, Россия НАТОга аъзо давлатлар ҳудудида ҳатто ядро қуроли бўлишига ҳам вето бериш орқали қаршилик қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги келтирилган. АҚШнинг Россияга тақдим этган хатини тайёрлаш учун америкалик юқори лавозимли мансабдорлар Европадаги ҳамкорлари билан 180 та учрашув ўтказган.

Хат юборилганидан кейин матбуот анжуманида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан яна бир марта учрашишини айтди. New York Times тахминича, Вашингтон ва Москва ўртасида музокараларнинг яна бир раунди ўтказилади. «Шундан кейин Россия президенти Владимир Путин босқин ёки дипломатиядан бирини танлайди», деб ёзмоқда NYT.

Мавзуга оид