Ўзбекистон | 00:20 / 27.01.2022
109111
4 дақиқада ўқилади

Блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фозилхўжа Орифхўжаев суд томонидан жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни сақлаш, тарқатиш бўйича айбли деб топилди. Пойтахт ИИББ у Facebook’да ўз профилида диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар жойлаганини маълум қилганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2022 йил 26 январ куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида судланувчи Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, Фозилхўжа Орифхўжаев Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 7 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи томонидан эса унга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Маълумот учун, 2021 йил 26 июн куни Олмазор туманидаги «Тўхтабой» масжидида Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Али) ва блогер Фозилхўжа Орифхўжаев ўртасида низо келиб чиққанди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда блогер Фозилхўжа Орифхўжаев масжидда маъруза қилаётган Аброр Абдуазимовга қарши фикрлар билдиргани, масжид жамоати унга қаршилик қилгани, Аброр Абдуазимов эса уни гапиришга қўйиб беришларини сўрагани акс этган.

Шундан сўнг, фуқаролардан келиб тушган хабар асосида Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилган ва тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилган. Шунга асосан ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди Фозилхўжа Орифхўжаевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаганди.

Тошкент шаҳар суди берган маълумотга кўра, фуқаро Фозилхўжа Орифхўжаев «Тўхтабой» масжидида бўла туриб, Аброр Абдуазимовни «мунофиқсан» деб ҳақорат қилган ва баланд овозда бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини ҳамда шу ерда бўлган фуқароларнинг осойишталигини бузиб, майда безорилик содир қилган.

Кейинроқ пойтахт ИИББ ахборот хизмати текширув жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Фозилхўжанинг телефонида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этгани ҳақида хабар келиб тушганини, материалларнинг хусусиятига аниқлик киритиш учун унинг телефони процессуал тартибда расмийлаштириб олингани ва диншунослик экспертизаси тайинланганини, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг хулосасига кўра, блогернинг Facebook'даги профилига жойлаштирилган айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига кириши аниқланганини маълум қилганди.

Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид