Ўзбекистон | 10:48 / 27.01.2022
2308
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда дарахтларни ўзбошимчалик билан кўчирган Ободонлаштириш бошқармаси ходими жаримага тортилди

Дарахтлар ва ўсимлик дунёсини асраш давлат сиёсати даражасига чиқди. Президент фармон ва қарорлари билан мустаҳкамланган ва муддатсиз узайтирилган мораторий мавжуд. Бироқ, шундай бўлса-да, қонунларга беписанд айрим шахслар томонидан бу соҳада ҳуқуқбузарликлар ҳамон содир этилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси

Kun.uz’га Тошкент шаҳридаги Кичик ҳалқа йўли кўчасида 10дан ортиқ дарахтлар ғойиб бўлгани маълум бўлди. Воқеа юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасидан изоҳ сўралди. Бошқарма ходимлари воқеа жойига борди ва таҳририят журналисти билан биргаликда вазиятни ўрганди.

Маълум бўлишича, дарахтлар Олмазор тумани Ободонлаштириш бошқармаси томонидан кўчирилган. Бошқарма раҳбари Фарҳод Деҳқоновнинг айтишича, Экология қўмитасига дарахтларни кесиш ё кўчириш борасида ҳеч қандай сўров келиб тушмаган.

Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси
Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси

Кичик ҳалқа йўли ва Қорасарой кўчалари кесишмасига яқин жойда содир бўлган бу иш Олмазор тумани ҳокимлиги қошидаги Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилган. Бошқарма ходими Саъдулла Файзуллаев ўз раҳбари Раҳмиддин Қобиловнинг буйруғига биноан 9 туп япон софорасини бир жойдан бошқа жойга кўчириб ўтқазган. Шунингдек, бир неча туп арча кўчатини кавлаб олиб, ўз бошқармаси ҳудудига олиб бориб, экиб қўйганини айтди.

Бу дарахтлар 2020 йил 9 май Олмазор туманида жойлашган Ғалаба боғи очилиши муносабати билан давлат раҳбари ташрифи олдидан автомобиль қатнов йўли ўртасидаги яшил ҳудудга экилган эди.

Файзуллаевнинг сўзларига кўра, дарахтларни кўчириб ўтказиш Кичик ҳалқа йўлининг шу участкасида – чорраҳага яқин жойда автомобиллар ортга қайрилиб олиши учун “кармашка” қурилиши туфайли амалга оширилган.

Шаҳар Экобошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқоновга кўра, бу иш ҳеч қандай тегишли рухсат олмасдан, керакли агрономик ишларни амалга оширмай, ўзбошимчалик билан қилинган. Айнан шу сабабли Файзуллаевга буйруқ берган туман Ободонлаштириш бошқармаси агрономи Раҳмиддин Қобилов тегишли тартибда жаримага тортилди.

Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси

Шунингдек, бошқарма ходими Саъдулла Файзуллаевдан баҳор-ёз мавсумларида дарахтлар кўкариб кетишини таъминлаш учун парваришлашга кафолат хати олинди. Ўша вақтга бориб, дарахтлар яшаб кетмаса, ундан тегишли тартибда компенсация ундирилиши белгилаб қўйилди.

Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси
Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси

Kun.uz бу воқеага вегетация мавсумида яна қайтади ҳамда Тошкент шаҳрида Экополиция ишга тушганини ва шу каби ҳолатлар гувоҳи бўлган фуқаролардан Экология қўмитаси ва Экополицияга мурожаат қилишни сўраб қолади.

Мавзуга оид