Ўзбекистон | 18:39 / 28.01.2022
24829
2 дақиқада ўқилади

“Манзил”: Ўзбек-афғон-тожик чегарасидаги қишлоқ

Ўзбекистоннинг энг жанубий қисмида жойлашган, бир томони Афғонистон, яна бир томони Тожикистон билан чегарадош Гулбаҳор қишлоғидаги сокин ва осуда ҳаёт манзаралари — “Манзил”нинг навбатдаги сонида томоша қилинг.

“Манзил” лойиҳаси Сурхондарё вилоятига сафари давомида Термиз туманининг Гулбаҳор қишлоғида бўлди. Бу қишлоқ Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегаралари туташган ҳудудда жойлашган.

Қишлоқ 1977 йилда чўл ҳудудларини ўзлаштириш мақсадида ташкил этилиб, аввал Хотинработ деб аталган. Шароф Рашидов ташрифидан кейин қишлоқ номи Гулбаҳор деб ўзгартирилган.

Қишлоқда чорва боқувчилар кўп. Яхшигина тўқай, адирлар бунга шароит яратади. Биз суҳбатлашган Парда Рўзибоев 20 бош қўйдан бошлаган иши бугун 200 дан ортиқ подага айланди. Декабр–январ ойлари – унинг қўйлари қўзилайдиган пайт.

Амударё яқинлиги сабаб қишлоқ атрофи ва тўқайзорларда қамиш кўп ўсади. Яқин йилларгача қамиш ҳеч кимга кераксиз нарса бўлган, ҳозир эса у қишлоқнинг катта қисмига пул олиб келяпти: қамишни ДСП ишлаб чиқарувчилар сотиб ола бошлади.

Абдували Қиличов авваллари қиш кунларини бекорчиликда ўтказар эди. Қамишдан ДСП қилиш йўлга қўйилгани унинг қишда ҳам бандлигини таъминлади.

Қишлоққа чегара ва ҳарбий қисм яқин жойлашгани ҳам бир тарафдан фойда келтиради. Маҳалладаги тикув цехи асосан ҳарбийларга хизмат кўрсатади.

Қўшнинг тинч – сен тинч. Қишлоққа кираверишга битилган бу ёзув бежизга бундай қўйилмаган. Чунки дарёнинг нариги тарафи – 40 йилдан ошиқроқ вақт ўтибдики, нотинч. Ўтган йили толиблар Афғонистонни эгаллаган пайтда қишлоқ аҳлида оз бўлса-да қўрқув уйғонган.

Лекин кўпчиликнинг фикри битта: “Чегараларимиз мустаҳкамлигига ишонамиз, шу сабабдан хотиржам яшадик”, дейди улар.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид