Ўзбекистон | 10:49 / 29.01.2022
16817
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қайси турдаги жиноятлар кўпайгани маълум бўлди

Олий суд ахборотига кўра, 2021 йилда талончилик жиноятлари 2020 йилга нисбатан 1,8 бараварга, талон-торож қилиш ҳолатлари эса 1,5 бараварга ортган. Номусга тегиш жиноятлари 13,5 фоизга ошган. Порахўрлик, ўғрилик ва босқинчилик каби жиноятлар сони ўртача 1,5 баробарга ошган. Бунда 2020 йили пандемия сабаб ишларнинг судларда кўрилиши 2021 йилга кўчгани ҳам рақамларга таъсир кўрсатган.

Ўзбекистон Олий суди матбуот анжумани ўтказиб, 2021 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Олий суд раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимовнинг маълум қилишича, республика судлари томонидан 2021 йилда жами 61 263 нафар шахсга нисбатан 47 657та жиноят иши кўриб чиқилган. Шулардан 45 010 нафар шахс судланган бўлса, 13 713 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари тарафларнинг ярашгани муносабати билан тугатилган.

Бундан ташқари, 2021 йилда жами 932 нафар шахс (115 нафари қатағон қурбонлари) оқланган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилдан шу кунга қадар 3 702 нафарга етган.

2021 йилда жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 9,9 фоизига жарима, 1,2 фоизига мажбурий жамоат ишлари, 28,8 (27,6) фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 28,7 фоизига озодликни чеклаш, 28,7 фоизига озодликдан маҳрум қилиш, 0,05 фоизига бошқа жазолар тайинланган бўлиб, 2,7 фоизи шартли ҳукм қилинган.

2021 йилда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича 527 740 нафар шахсга нисбатан 428 869та иш кўриб чиқилган бўлиб, 2020 йилга нисбатан кўрилган маъмурий ишлар сони 25,6 фоизга ошган.

Суд амалиёти таҳлилига кўра, 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қуйидаги жиноят турлари ошган:

— қасддан одам ўлдириш (16,7 фоизга), қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликдаги шикаст етказиш (61 фоизга), номусга тегиш (13,5 фоизга), босқинчилик (59,3 фоизга), талончилик (1,8 баравар), ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (1,5 баравар), ўғрилик (66,2 фоизга), порахўрлик (56,9 фоизга), ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш (28,7 фоизга), транспорт воситаларини олиб қочиш (39,2 фоизга), безорилик (87,6 фоизга).

2021 йилда 2020 йилга нисбатан қуйидаги жиноят турлари камайган:

— алимент тўлаш (10,8 фоиз), валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш (24,5 фоизга), чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш (68,4 фоизга), кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш (83,3 фоизга).

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар орасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказиши (55,4 фоизга), савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш (7,6 бараварга), майда безорилик (35,1 фоизга) каби ҳуқуқбузарликлар сони ошган.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти (66,4 фоизга), эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш (55,1 фоизга), электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш (86,4 фоизга), лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (87,3 фоизга) каби ҳуқуқбузарликлар сони кескин камайган.

2020 йилда жами 62 081 та жиноят рўйхатга олинган, 2021 йилда бу рақам 111 082 тага етган.

Икром Муслимов 2021 йилда кўриб чиқилган маъмурий ва жиноий ишлар сонининг ортганини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳақида келиб тушаётган хабарлар қайд қилинишида инсон омилига чек қўйилиб, хабарларни электрон рўйхатга олиш йўлга қўйилгани ва 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли кўплаб жиноят ишларини кўриш кечиктирилгани билан изоҳлади.

Мавзуга оид