Ўзбекистон | 17:29 / 31.01.2022
19818
10 дақиқада ўқилади

Газ узилгач ҳосили нобуд бўлган Ғаллаоролдаги ягона иссиқхона: бунда ким айбдор?

Таҳририятимизга Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан иссиқхонасидаги ҳосили нобуд бўлган тадбиркор Нуриддин Ҳожиев мурожаат қилди. Унинг 2,4 гектар жойдаги иссиқхонаси газ тармоғидан узилгани туфайли 57 минг туп бодринг ниҳоллари совуқ уриш туфайли катта зарар кўрган.

Kun.uz ижодий гуруҳи тадбиркорнинг Ғаллаорол туманининг Сарбозор маҳалласида жойлашган иссиқхонасига бориб, мавжуд ҳолатни ўрганди.

Тадбиркорнинг ҳикоя қилганлари

1 декабрь куни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раисининг ўринбосари Абдусамат Сайидвалиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ иссиқхонани газдан узиш ҳақида кўрсатма берган. Шу куни тунда минус олти даража совуқ бўлган ва жами экилган бодринглар сўлиб қолган.

Энг қизиғи, бу тадбиркорнинг газдан узиб қўйилиши туфайли биринчи марта зарар кўриши эмас экан. 2020 йилнинг декабр ойи охирларида ҳам иссиқхона газдан узилган. Ўшанда унинг пишай деб турган 57 минг туп помидори нобуд бўлган.

Ўтган йили помидор экилганда иссиқхона газдан узилишига сабаб қилиб газ тармоғи аҳоли линиясига улангани рўкач қилинган. Айни қиш пайтида кунлар совиб кетгач, қувур кесиб ташланган.

Нуриддин Ҳожиев

2021 йилда бодринг экиб фойда қилишни кўзлаган тадбиркор 1 км 200 метр жойдан газ тортиш учун вилоят газ идорасида техник шарт олган. Шу шарт бўйича 85 млн сўмга қувурлар сотиб олинган. Ишчилар ёллаган ва қувур тортган.

Газ тортиб келинган масофа

Аммо шу ишларга қарамасдан газ идораси улар билан ҳаттоки газ етказиб бериш бўйича шартнома ҳам имзоламаганини, оғзаки топшириқлар асосида газдан фойдаланиб, фойдаланилган газ учун орттирилган суммада — куб метрига 1400 сўмдан тўлаб келганини айтди.

Иссиқхона эса республикамизнинг энг баланд нуқтасида жойлашган ҳудудларидан бири бўлган Ғаллаоролда газ ёрдамида иситиладиган ягона иссиқхона экан. Тадбиркор ўзига тегишли иккита ошхонани гаровга тикиб, банкдан маблағ олиб, хориждан замонавий ускуналар келтириб, 2018 йилда иссиқхона тиклагани, икки йилдан буён фойда кўролмаётганини баён қилди.

Қолаверса, гидропоника усулида ҳам маҳсулот етиштирилаётган иссиқхонада маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган. Улар ҳам янги йил олди ишсиз ва маблағсиз қолиб кетганини баён қилишди.

Нуриддин Ҳожиев вилоят газ идораси тасдиқланган техник шартга кўра газ тармоғига улангани, ақлли ҳисоблагич ва модем алоқаси ўрнатилганига қарамасдан бодринг энди пишиб, ҳосил бера бошлаганда газдан узишганини рўкач қилмоқда. Бу ерда совуқ шундай қаттиқки, иситиш ускунлари ичидаги сувлар музлаб, радиатор қувурларини ёриб юборган.

Тўғри, тадбиркорнинг фойдаланилган газ учун газ идораси олдида қарзи бўлган. Лекин у 160,5 миллион қарздорликдан 148 миллионини сўндиргани, 12,5 миллион сўм қарзини ҳосилни сотиб, тўлаб беришни мўлжаллаганини айтди. Чунки 1200 метрдан газ тортиб келиш учун унинг қарийб 14 минг доллар маблағи кетган ва пули қолмаган.

«Газчиларнинг талабига кўра, ҳисоблагич ва модем уланиш нуқтасида ўрнатилиши керак, шу сабабли ва қарздорлигим учун узишди», деди у.

Ўлганнинг устига тепгандек, иссиқхона газдан тўлиқ узилганидан сўнг 15 декабрь куни «Ҳудудгаз Жиззах» филиали метрология бўлимидан Феруз деган йигит келиб, ноқонуний уланиш деб яна 75 миллион сўм жарима солиб кетган. Айни пайтда тадбиркорга жарима қўлланилгани туфайли яна миллионлаб қарз мавжуд.

Биз иссиқхонадан 1200 метр нарида жойлашган уланиш нуқтасига бордик. Газ магистрал тармоққа қабристоннинг олдида, яйдоқ далада уланган. Талаб бўйича ҳисоблагич ва модемни худди шу ерга ўрнатиш керак. Бунинг учун уйча қуриш, уни қўриқлаш, қолаверса, иншоот қуриш учун ер ажратишга ҳокимликдан рухсатнома ҳам олиш керак.

Тадбиркор газ линиясининг ярмида, ўзига тегишли чойхонада модем ва ҳисоблагич ўрнатишга рухсат беришмагани, газ қувурини ҳам шу ерда узиб кетишганини кўрсатди.

Газчиларнинг тушунтириши

Биз «Ғаллаоролтумангаз» газ таъминоти филиалида бўлиб, масалага ойдинлик киритдик.

«Ғаллаоролтумангаз» газ таъминоти бўлими раҳбари Собир Муродов тадбиркорни бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан газ тармоғига қайта қайта ноқонуний уланиб олганини таъкидлади. Раҳбарга кўра, тадбиркор на 2021 йил учун, на 2022 йил учун шартнома имзолаган.

Собир Муродов

«Унинг газдан узилишига учта сабаб бор. Биринчиси — шартнома имзоламаган. Иккинчиси — газнинг магистрал тармоққа уланиш нутқасида ақлли газ ҳисоблагич ва модем ўрнатмаган. Учинчиси — газдан қарзи бўлган», — деди Собир Муродов.

Идора раҳбари тадбиркор модем ва ҳисоблагични эса газдан узилгач, 1 декабрдан сўнг ўрнатганини айтди.

Айни пайтда 1200 метр масофадан тортилган қувур ҳам аҳоли линиясига уланган, деди газ идораси раҳбари. Саноат учун мўлжалланган магистрал қувур иссиқхонадан 3 км масофада жойлашган экан. Тадбиркор харажат қилиб ана шу ердан газ тортиши лозим экан.

Туман газ идорасининг эксплуатация бўлими етакчи мутахассиси Абдукарим Мамарасулов аввалига Нуриддин Ҳожиев сўнгги уланиш бўйича техник шарт ҳужжатларини туман газ идорасига топширмаганини айтди. Бироқ ҳужжатлар туман газ идорасида ҳам бор бўлиб чиқди.

Абдукарим Мамарасулов

Кейин уланиш ишларини ўзлари нотўғри амалга оширгани, пайвандлаш ишлари лицензияси мавжуд бўлган корхона томонидан амалга оширилмаганини таъкидлади.

«Газ тармоғини тортиш лицензияси бор ташкилот томонидан амалга оширилиб, алоҳида ҳужжат қилинади», деди А.Мамарасулов ва намуна сифатида нонвойхоналардан бири тайёрлаган ҳужжатни кўрсатди.

Хуллас, газчиларнинг тушунтиришларича, газ тармоғига барча талабларга кўра тайёрланган ва тасдиқланган лойиҳа бўйича уланиб, газ етказиб бериш тўғрисидаги шартнома имзолангач, лимит ажратилиб, тадбиркор газ тармоғига  қонуний уланган бўлади. Унгача унинг фаолиятида саволлар туғилаверади.

Туман газ идорасининг улгуржи истеъмолчилар билан ишлаш хизмати етакчи мутахассиси Равшан Саримсоқовнинг айтишича, 1 декабрдаги сўнгги узишга қадар тадбиркор бир неча марта ноқонуний уланишга йўл қўйган ва орттирилган ҳисобда, газнинг метр куби 1400 сўмдан ҳисобланган. Ниҳоят, газ учун қарздорлиги ва ноқонуний уланиш туфайли тадбиркор газдан узиб қўйилган.

Равшан Саримсоқов.

«Тадбиркор Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил №22 қарорининг 2-иловасига мос равишда газ тармоғи уланса, тегишли тартибда газ ҳисоблагич ўрнатса, олдиндан шартнома тузиб, ўзига лимит ажратилишига эришиб фойдаланса, газ идораси томонидан унинг фаолиятига ҳеч қандай тўсиқ қўйилмайди», — деди Р.Саримсоқов.

Модем ва ҳисоблагични уланиш нуқтасида ўрнатиш ва унинг учун алоҳида уйча қуриш талабига қизиқдик. Бу иш бутун газ қувуридаги йўқотишлар ва сизишлар учун истеъмолчи жавобгар бўлиши учун қилинар экан. Бизга бошқа юридик шахслар уланиш нуқтасида модем ва ҳисоблагич ўрнатилган уйчалар қурилган жойни бориб кўрсатишди.

Талабларга кўра, истеъмолчигача газ идораси ҳисобидан қувур тортиб келиш фақат саноат зоналари учунгина амалга оширилар экан.

Сўнгсўз ўрнида

Албатта, мавжуд воқеада кимнинг ҳақ ким ноҳақ эканлиги ҳақида якдил хулоса бериш жуда қийин. Тадбиркор газчилар унинг фаолият юритишига пешвоз чиқмаганидан жиғибийрон бўлмоқда. Газчилар эса тадбиркор белгиланган талабларга риоя қилмади, деган важни келтиришмоқда.

Тадбиркор белгиланган талабларни рисоладагидек бажармагани учун ўз ҳосилига куйиб ўтирибди десангиз, у талабларни бажариш ҳам осон эмасдек.

Қолаверса, иссиқхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилади. У «метан заправка», оҳак, ғишт ишлаб чиқариш цехи ёки ошхона ё сомсахона эмас: газдан узилса бир кунлик хомашёси ё масаллиғигагина куйса ёки ишни вақтинча тўхтатиб қўйса. Ғаллаоролнинг қишки совуғи бир кунда ҳосилнинг бошига етади.

«Иссиқхонани муқобил ёқилғида қилиш керак эди», десангиз, йўлда ана шундай абгор аҳволдаги иссиқхоналардан бирига ҳам кўзимиз тушди. Яъни бу ерларда кўмир билан иссиқхона юритиш самарасиз ва имконсиз.

Тадбиркор бу харажат ва зарарлардан сўнг қон босими кўтарилиб кетганини айтди. Унинг энг таъсирли гапи, шу бўлди:

«Мен иссиқхона қилмоқчи эмасдим. Иккинчи ошхонам туман ҳокимиятининг олдида. Бу таклиф туманнинг олдинги ҳокимидан чиққан эди. Менда маблағ бор эди, кредит олишда ёрдам беришди. Бор-будимни шу ишга тикдим. Фойда қиламан, деб ўйладим. «Прадо», «Малибу» машиналарим бор эди. Энди битта «Жентра»да юрибмиз. Бу машмашалардан сўнг ўлиб нетиб қолсам якка-ю ягона ўғлимга тоғдек қарз қолдириб кетаманми?»

Буларни эшитиб, ўйга толасан киши: «Ҳудудгазтаъминот» АЖ қишда иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга газ таъминоти ва тўлов масаласида имтиёз берса бўлмайдими? Парваришланаётган ўсимлик тирик организм-ку? У ахир совуқда нобуд бўлади-ку?

Газчилар келгусида бундай ҳолатлар рўй бермаслиги учун, иссиқхоначи тадбиркорларни ҳам рисоладагидек қилиб, газ тармоғига ўзлари улаб бериши керак эмасми? Нега тадбиркор ўз ҳисобидан харажат қилиб, газ тармоғига уланадию, яна турли жарималар, узилишларга мубтало бўлаверади?

Аслида, қувурни магистралнинг керакли жойидан улаб, истеъмолчи тадбиркорнинг эшигининг олдигача келтириб беришса шу машмашалар рўй берармиди? Ягона таъминотчи «Ҳудудгазтаъминот» қачон мана шундай адолатли тизимга ўтади? Нега бундай имтиёзлар фақат эркин иқтисодий зоналар учун?

Саволлар туғилаверганидан соҳада айни пайтда мавжуд тизимни адолатли дейишга ҳам одамнинг тили бормайди.

Нуриддин Ҳожиев ҳам энди адолатни суддан излаб кўрмоқчи. У кўрилган зарарларини суд орқали ундирмоқчи. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид