Жаҳон банки Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган муаммоларни маълум қилди
Жаҳон банки Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни таҳлил қилувчи янги ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда ушбу гуруҳнинг соғлиқни сақлаш, таълим, реабилитация ва ёрдамчи реабилитация воситаларидан фойдаланиш имкониятлари, меҳнат бозори, инфратузилма, ижтимоий ҳимоя, COVID-19’нинг уларга таъсири, шунингдек, ҳукумат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари баҳоланади.
Ногиронлиги бўлган шахслар бўйича статистик маълумотлар
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг расман эълон қилинган сони аҳолининг 2,1 фоизини ташкил қилади. Бутун дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизи ногиронликнинг у ёки бу шаклига эга эканлиги ҳисобга олинса, бу рақам юқорироқ бўлиши керак.
2019 йилнинг охиридаги ҳолат бўйича Ўзбекистонда 693,9 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс (295,5 минг нафар аёл ва 398,4 минг нафар эркак), жумладан 111,3 минг нафар 16 ёшгача бўлганлар (48,8 минг нафари қиз ва 62,5 минг нафари ўғил болалар) пенсия ва ижтимоий нафақа олган.
Бу паст расмий рақамлар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш соҳасида қўлланадиган Ўзбекистонда ногиронликни баҳолаш ва аниқлашнинг амалдаги чекланган таърифига таъсир этувчи эскирган тизими билан изоҳланиши мумкин. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, мамлакат аҳолисининг 3 ва ундан катта ёшдаги қарийб 13,5 фоизи ногиронликнинг қайсидир шаклига, 3,5 фоизи эса оғир ногиронликка эга бўлиши мумкин.
Тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти
Тадқиқот шуни кўрсатадики, ногирон болалар ва катталарнинг 25 фоизи зарур тиббий хизматларни олмайдилар, ногирон бўлмаганларда эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил қилади. Тўлов билан боғлиқ қийинчиликлар, қаердан олишни билмаслик ва бошқа омиллар туфайли фуқароларнинг ушбу тоифаси шифокорлар томонидан белгиланган дори-дармонларни қабул қилишга бўлган имкониятлари уч баравар кам.
2019 йилда ўтказилган тадқиқотлардан бири шуни кўрсатдики, ногиронлиги бўлган шахслар аравачасига муҳтож бўлган жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг атиги 26,9 фоизи улардан фойдаланган. Ушбу тадқиқот иштирокчиларининг деярли ярми (43,6 фоизи) ногиронлиги бўлган шахслар учун ёрдамчи воситалар ва хизматларга муҳтожлигини таъкидлаган. Респондентларнинг 21,5 фоизи бу воситалардан фойдаланишга имконли бўлгани ҳолда, уларнинг атиги 2,8 фоизи тегишли давлат муассасаларидан ушбу воситаларни олган.
Гендер омил ва ногиронлик
Расмий маълумотларга кўра, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар сони 2007 йилдаги 408,9 минг нафар хотинлар ва 16 ёшгача бўлган 68,8 минг нафар қизлардан 2019 йилга келиб 295,5 минг нафар хотинлар ва 48,8 минг нафар қизларга камайган (таққослаш учун: 2019 – йилда 398,4 минг нафар ногирон эркаклар ва 62,519 нафар ногирон болалар).
Ушбу кўрсаткичлар пасайганининг сабаби тўлиқ аниқ эмас, чунки аёллар орасида умр кўриш давомийлиги узоқроқ бўлгани сабабли ногиронлик кўпроқ учрайди. Шунингдек, ногирон хотин-қизлар тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида «ногирон» мақомини олишда қўшимча қийинчиликларга дуч келади.
Имкониятлар муҳити
Керакли инфратузилмалардан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш тарзи ва фаровонлигига салбий таъсир қилади. Яқинда ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳридаги бинолар ва ижтимоий инфратузилмаларнинг 85 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилмаган, гарчи бу ерда қарийб 70 минг ушбу тоифадаги фуқаролар истиқомат қилади.
Пойтахтдаги жамоат транспорти ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик мезонларига жавоб бермайди, бу ногиронлиги бўлган шахслар фаровонлиги учун жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга эга.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланишини осонлаштирувчи инфратузилма ва зарур мосламаларга етарли даражадаги имкониятларнинг камлиги ушбу тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқларини бузади ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётда тўлиқ иштирок этиши, таълим олиши, меҳнат қилиши ва бошқа фаолият турларида иштирок этишига тўсқинлик қилади, натижада уларнинг яшаш сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Шу тариқа, ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса жисмоний функциялари бузилганлар, мажбурий ижтимоий четланиш ҳолатига тушиб қолишади, бошқаларга қарам бўлиб қолишади ва шаҳарларда яшаш имтиёзларидан фойдалана олмайди.
Таълим олиш имконияти
Жаҳон банкининг тадқиқоти шуни кўрсатадики, ногирон болаларнинг мактабгача таълимга бўлган имконияти ногирон бўлмаган болаларга нисбатан деярли 20 фоизга пастроқдир, бу эса ногирон болаларни юқори синфларда ушлаб туриш даражасини ёмонлаштириши мумкин.
Тажриба тариқасида 2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон шаҳарлари ҳамда Тошкент шаҳри туманларидаги 42 та умумтаълим мактабида инклюзив таълим тизими жорий этилди. Мазкур синов дастури натижаларига кўра, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам таълимга инклюзив ёндашув жорий этилади.
Бироқ ўрганиш шуни кўрсатадики, умумтаълим мактаблари ҳали бунга тайёр эмас, чунки уларда имконияти чекланган болалар учун қулай инфратузилмалар ва ҳожатхоналар, ўқув жараёни учун зарур бўлган мосламалар, малакали кадрлар мавжуд эмас. Сурдо-таржимонлар, кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги дарсликлар, таълим олиш имконияти чекланган ва эшитиш қобилияти паст болалар учун ўқитувчилар ва репетиторларга эҳтиёж мавжуд.
Бандлик имконияти
Ногиронлиги бўлган одамларнинг иш топиш имконияти ногиронлиги бўлмаганларга қараганда тахминан тўрт баравар кам. 2019 йилда 16-59 ёшдаги ногиронлиги бўлган эркакларнинг атиги 8,9 фоизи ва 16-54 ёшдаги ногиронлиги бўлган аёлларнинг атиги 4,4 фоизи расман иш билан таъминланган, бу эса ногиронлиги бўлганларнинг атиги 7,1 фоизидир. Қишлоқ жойларда бу кўрсаткич ундан ҳам паст, яъни 5,8 фоиз бўлган.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, амалдаги ижтимоий ҳимоя тизими тузилмаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг расмий меҳнат бозорида иш излашга бўлган мотивациясини пасайтиради. Ногиронлик учун нафақа олиш имконияти бўйича тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан тиббий нуқтайи назардан «ишлашга лаёқатсиз» деб баҳолаганлар учун чегаралар мавжуд. Бу ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат бозоридан четлатади.
Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида мунтазам тиббий кўриклар ўтказилаётганда меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахслар ногиронлик нафақаларини йўқотишдан қўрқишади. Шу сабабли улар кўпроқ иқтисодиётнинг норасмий секторида ишлашни афзал кўради. Бироқ бу ерда ногиронлик асосидаги дискриминация янада юқори ва иш ҳақи расмий сектордагидан тахминан икки баравар кам.
COVID-19 пандемиясининг таъсири
Жаҳон банки кўмагида мамлакатнинг барча ҳудудларида 4 мингга яқин хонадоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини баҳолаган ҳар ойлик «Ўзбекистон фуқароларини тинглаймиз» сўровига кўра, карантин чекловлари даврида ногиронлиги бўлган шахслар руҳий саломатликлари ёмонлашганини маълум қилган.
Жумладан, 2020 йилнинг июлидан декабригача ушбу тоифадаги фуқароларнинг ўртача 51 фоизи ўзларининг руҳий саломатлигини «қониқарли» ёки «ёмон» деб баҳолаган. 2020 йилнинг август ойида бу кўрсаткич энг юқори чўққисига келиб, 61 фоизга етган. Қаттиқ карантин вақтида ногиронлиги бўлган шахслар бозорларга боришда, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий интеграцияси бўйича тавсиялар
Тадқиқот ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш бўйича тавсиялар беради. Масалан, ушбу тоифадаги фуқароларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ва давлат дастурларини БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш зарурлиги билдирилади: умумэътироф этилган халқаро таърифлар ва воситалар асосида ногиронлиги бўлган шахслар билан боғлиқ статистика ва маълумотларни йиғиш тизимини уйғунлаштириш, шунингдек, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини миллий даражада амалга оширишни идоралараро мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизмларини кучайтириш.
Бундан ташқари, тадқиқот ҳокимият органларига ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларини ифодаловчи маҳаллий ННТлар салоҳиятини ривожлантиришни тавсия қилади: ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан одоб-ахлоқ қоидаларини ўзгартиришга кўмаклашиш, ҳамма, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ҳам етиша оладиган универсал муҳит (инфратузилма) тамойилини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилиш бўйича ижтимоий хизматларни фаол ривожлантириш ва маҳаллалар каби мавжуд жамоат тузилмаларидан фойдаланган ҳолда ЖССТ тавсиялари асосида маҳаллий ҳамжамият миқёсида ногиронлиги бўлган беморларни реабилитация қилиш амалиётини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларни таълим ва бандлик тизимларига кенг жалб этишни рағбатлантириш.
Мавзуга оид
17:27 / 06.11.2024
Жаҳон банки иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳолади
22:46 / 26.10.2024
Дунёдаги энг нуфузли бизнес-индекс тикланди
17:43 / 18.10.2024
“Қарз олинганига яраша, иқтисодий кўрсаткичлар барқарор бўлиши лозим” — Жаҳон банки катта иқтисодчиси
08:20 / 18.10.2024