Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш қўзғатилди
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўз оила аъзоларига тегишли телеканалга давлат буюртмаларини бергани юзасидан прокуратура томонидан маъмурий иш очилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган ҳужжатлар Бош прокуратура томонидан ўрганиб чиқилиб, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Маъмурий иш белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун 25 январь куни жиноят ишлари бўйича судга юборилган. Бу ҳақда бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.
Суд мажлисларига оид очиқ маълумотлар порталида кўрсатилишича, Абдухолиқов МЖтКнинг 175-8-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда гумонланмоқда.
Мазкур модданинг 4-қисмига кўра, давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (5,4 миллиондан 8,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Суд мажлиси 2 феврал куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида судья Жаъфар Курбанов раислигида кўриб чиқилади.
Мазкур кейс Ўзбекистонда юқори лавозимли давлат амалдорининг манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ биринчи шов-шувли ҳолат бўлмоқда.
Ўзбекистонда давлат харидларига оид қонунчиликни бузганлик, хусусан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарлик ўтган йили жорий қилинган. Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича таклиф ишлаб чиққанди.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz 20 январ куни Фирдавс Абдухолиқов атрофидаги манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар берган эди. Мақолада “Sevimli” телеканалига миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмалари берилгани, телеканал эгалари эса мазкур ҳолатда давлат буюртмачиси – Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовнинг оила аъзолари экани ҳақида сўз юритилганди.
Шундан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текширув ўтказган ва коррупцион ҳолатга йўл қўйилганини тасдиқлаб, ишни прокуратурага оширган эди.
Агентлик ахборотига кўра, 2021 йилда Кинематография агентлиги томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Sevimli” телеканали иштирокида “Орзулар палатаси” ва “Тузоқ” сериаллари суратга олинган. 2021 йилнинг 18 май куни агентлик ва телеканал ўртасида жами қиймати 1,8 млрд сўмлик шартнома имзоланган ва 1,8 млрд сўм пул маблағлари телеканал ҳисобрақамига ўтказиб берилган.
Бугун, 1 феврал куни Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Шерзодхон Қудратхўжа эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 7 июлда қабул қилинган, коррупцияга қарши курашишга оид президент қарорида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Лойиҳани Адлия вазирлиги бошқа идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 октябргача ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиши лозим эди.
Мавзуга оид
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
19:11 / 23.08.2024
Қозоғистонда 10 миллион долларлик «тушунарсиз бойлик» давлатга қайтарилди
09:46 / 23.08.2024
Тошкентда коррупциявий жиноят содир этган мансабдорлар асосан қайси идораларда ишлагани айтилди
12:59 / 19.08.2024