Спорт | 17:04 / 01.02.2022
24718
12 дақиқада ўқилади

Ким нимага улгурди? Дедлайндаги энг қизиқ трансферлар

Кутилганидек қишки трансферларнинг сўнгги кунида клублар қатор қизиқарли харидларни амалга оширишди. 

Пьер-Эмерик Обамеянг («Арсенал» –> «Барселона», эркин агент)

«Арсенал»нинг бу мавсумдаги асосий муаммоси – энди «Барселона»нинг умиди. Бу трансфер дедлайнга боғлиқ ҳам эмасди, «Арсенал» футболчини эркин агент сифатида қўйиб юборди.

ОАВ хабарига кўра, «Арсенал» ва «Барса» ўртасидаги музокара муваффақиятсиз якунланмаслиги ва Каталония клубига ўтиш учун габонлик форвард талабларини анча пасайтирган. Усмон Дембеле клубда қолгани туфайли, Каталония клубининг ушбу форвардни ўз сафига қўшиб олиш учун жуда кам маош ва эркин агент сифатида келишувга эришишдан ўзга чораси қолмаган

Шу тариқа, 32 ёшли ҳужумчининг «Барса»даги маоши 30 июнь санасига қадар ҳафтасига 5 минг еврони ташкил этади - у Лондон клубида ҳафтасига 200 минг евро оларди. Аммо у Лондондагидан фарқли равишда Каталонияда ўйин амалиётига эга бўлади.

Кристиан Эриксен («Интер» –> «Брентфорд», эркин агент)

«Брентфорд» даниялик яримҳимоячи Кристиан Эриксенни эркин агент сифатида сафига қўшиб олди. 29 ёшли футболчи билан жорий мавсум якунига қадар шартнома тузилган.

Ушбу футболчи аввал ҳам АПЛда ўйнаган –  2013 йилдан 2020 йилгача у «Тоттенҳэм»нинг етакчи футболчиларидан бўлган.

2021 йил 12 июнида, Европа чемпионати гуруҳ босқичи доирасида Даниянинг Финландияга қарши ўйини давомида Эриксеннинг юраги хуруж қилиб қолди. Кейинроқ ҳавбекка дефибриллятор ўрнатилди. Шундан кейин, бундай мослама билан майдонда ҳаракат қилиш Италия А Серияси қоидаларига тўғри келмагани туфайли «Интер» Эриксен билан шартномани бекор қилишга мажбур бўлганди. У сўнгги вақтларда формасини тиклаш учун яна бир собиқ жамоаси - Амстердамнинг «Аякс» клуби машғулотларида иштирок этаётганди.

Аарон Рэмзи («Ювентус» –> «Рейнжерс», ижара)

Юлдузли онларини «Арсенал»да ўтказган, 2019 йил ёзида эркин агент сифатида «Юве»га келиб қўшилган футболчи Италияда ўзини кўрсата олмади. Эндиликда 31 ёшли футболчи мавсум охирига қадар Шотландия чемпиони «Рейнжерс» сафида ижара асосида ўйнайди.

Қишки трансферлар вақтида унга «Ньюкасл»дан ҳам қизиқиш бўлган, аммо уэльслик футболчи Туриндаги маошидан камроқ маошга рози бўлмаган ва томонлар келишувга эриша олмаганди. Унинг шотланд клубида оладиган маошининг бир қисмини «Ювентус» тўлаб беради. «Ньюкасл» эса марказга «Лион»дан Гимараэсни олиб келди.

Донни ван де Бек («Манчестер Юнайтед» –> «Эвертон», ижара)
Деле Алли («Тоттенҳэм» –> «Эвертон», 12 млн евро)

«Эвертон» Фрэнк Лэмпардни бош мураббийликка тайинлагач, трансферлар бозорида фаоллашди. Мерсисайдликлар клуби қисқа вақт ичида майдон марказини икки футболчи билан кучайтирди. Дастлаб «Ман Юнайтед»дан Донни Ван Де Бек ижарага олинди. Нидерландиялик ҳавбек мавсум якунига қадар шу клубда ўйнайди.

Шунингдек, «Тоттенҳэм»да асосий таркибдан тушиб қолган Деле Алли билан шартнома тузилди. Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, ушбу икки трансфер ҳам Лэмпард ташаббуси билан амалга оширилган.

Алли трансфери ўзига хос схема билан кечди: у текинга трансфер қилинди, аммо у асосий жамоада 20 ўйинда майдонга тушса, «Эвертон» Лондон клубига 12 млн евро тўлаб бериши керак бўлади. Келишувда назарда тутилган бонуслар эвазига трансфер қиймати 35 млн еврога етиши ҳам мумкин. Бу постковид даврини ифодаловчи трансфер бўлди.

Деян Кулусевски («Ювентус» –> «Тоттенҳэм», ижара)
Родриго Бентанкур («Ювентус» –> «Тоттенҳэм», 19+6 млн евро)

Бу икки трансфер ортида «Юве»нинг собиқ менежери Фабио Паратичи турибди: 2021 йил ёзида у «Тоттенҳэм» бошқарувчи директори сифатида иш бошлаган, у ўз вақтида Кулусевски ва Бентанкурни Туринга олиб келганди. Бу жуфтлик Антонио Контега Чемпионлар лигасига йўлланма олишда ёрдам бериши керак. Кулусевскининг ижараси учун 10 млн евро тўланган, Бентанкурнинг трансфер ҳуқуқи 19 млн еврога сотиб олиниб, 6 млн евро миқдоридаги бонуслар кўзда тутилган.

Танги Ндомбеле («Тоттенҳэм» –> «Лион», ижара)
Жовани Ло Чельсо («Тоттенҳэм» –> «Вильярреал», ижара)
Брайан Ҳил («Тоттенҳэм» –> «Валенсия», ижара)

«Тоттенҳэм» Антонио Контега керак бўлмаган футболчилардан қутулди – уларнинг барчаси бошқа лигалар жамоаларига ижарага берилди. Ндомбеле ва Ло Чельсо Англияда камида бир мавсум ўтказишди, Ҳил эса ярим йил ўтиб яна Испанияга қайтди.

Денис Закария («Боруссия» М –> «Ювентус», 5+3 млн евро)

Швейцария термаси марказий яримҳимоячиси Гладбаҳни ёзда эркин агент сифатида тарк этиши мумкин эди (у бу клубда 2017 йилдан буён ўйнаб келарди), «Юве» эса уни қишда осонроқ йўл билан қўлга киритишга қарор қилди – 5 млн евро эвазига (яна 3 млн евро – бонуслар кўринишида тўланиши мумкин).

Ваут Вегорст («Вольфсбург» –> «Бёрнли», 12 млн фунт)

Вегорст – «Вольфсбург»нинг энг яхши тўпурари, лигада жон сақлаш учун кураш олиб бораётган «Бёрнли» учун бу катта трансфер. Нидерландиялик ҳужумчи Бундеслигада «бўрилар» учун 56 гол урган, шунингдек Евро-2020да Германия термаси сафида голлардан бирига муаллифлик қилган. Крис Вудни «Ньюкасл»га катта суммага (25 млн фунт - 30 млн евро) сотган «Бёрнли» унинг ўрнини марказий форвард билан тўлдириши керак эди – бу эса Ваут бўлди. У билан 3,5 йиллик шартнома тузилган, трансфер учун 12 млн фунт атрофида маблағ тўланган. АПЛнинг олдскул жамоаси учун мос келадиган страйкер.

Бруно Гимараэс («Лион» –> «Ньюкасл», 42,1 млн евро)

«Ньюкасл» катта пул сарфлаб, таркибни жиддий кучайтирди. Тан олиш керакки, «Лион» инглизларнинг вазиятидан фойдаланиб қолди, аммо Бруно барқарор равишда яхши ўйнайди – у жамоасига рақиб ҳужумларини тўхтатишда ҳам, узун узатмалар орқали олдинга чиқишда ҳам бирдек ёрдам кўрсата олади. Бундай футболчи билан Эдди Ҳау жамоаси янги даражага янада тезроқ чиқиши мумкин.

Қайси трансферлар амалга ошмай қолди?

Дембеле – «Челси»га ҳам, «Тоттенҳэм»га ҳам, «Арсенал» ва «ПСЖ»га ҳам ўтмади

Фото: East News/PRESSINPHOTO​​​​

Шартномаси муддати 2022 йил ёзида якунланадиган Усмон Дембеле ой бўйи барчанинг диққат марказида турди. Хави келгач, француз ҳужумчиси билан шартномани янгилаш «Барселона»нинг январь ойи учун асосий вазифаси эди – аммо футболчи шартномага рози бўлиши эвазига ўз агенти орқали ақлбовар қилмас сумма сўради - солиқлардан ташқари 43 миллион евро (ҳозирда унинг йиллик маоши бундан тўрт баробар кам – 12 млн).

«Барса» Дембелени кўндиришга уринишдан чарчади. Клуб спорт директори Матеу Алемани аниқ сигнал берди: «Бугун, 20 январь куни, Дембеле шартномани қабул қилиши учун муддат якунига 11 кун қолганида маълум бўлмоқдаки, футболчи «Барселона»да қолмоқчи эмас ва ўз келажагини клубдаги янги лойиҳа билан боғламаяпти. Биз унинг агентларига у клубни зудлик билан тарк этиши кераклигини айтдик, чунки бизга садоқатсиз футболчилар керак эмас, умид қиламизки, трансфер 31 январга қадар амалга ошади».

Трансферлар даричасининг сўнгги кунида барчаси қизиб кетди. «Барса» Обамеянг келишига ведомостни енгиллатиш учун Дембеленинг кетишини кутди. Каталонлар ҳар қандай вариантга рози эди, гап фақат француз розилик билдиришида эди. У барча таклифларни рад этди – гарчи «Барселона» сафида бошқа ўйнамаслигини билсада. Фабрицио Романо маълумотига кўра, уни Обамеянг ўрнига «Арсенал»га бориш варианти ҳам қаноатлантирмаган.

Mundo Deportivo француз учун энг жиддий даъвогар – «Челси» бўлгани ҳақида ёзган. Лондонликлар футболчи, унинг вакиллари ва «Барселона» розилигини олган. ABC манбаси барчаси 99 фоизга ҳал бўлганини ёзганди, афтидан 1 фоизлик эҳтимол рўёбга чиққан.  

As журналисти Хави Мигелнинг ёзишича, француз «Тоттенҳэм» вариантини сўнгги дақиқаларда рад этган.

«ПСЖ» бўйича вариант ҳам бўлган – лекин бу бироз мураккаброқ эди:

  • Парижликлар «Барса»га Усмон эвазига 21 ёшли яримҳимоячиси Эрик Эбимбе ва чап қанот ҳимоячиси Абду Диаллони таклиф этган. Каталонлар эса футболчи учун 20 млн евро пул ишлаб олишни истаган.
  • «Барса» Дембелени Ди Марияга алмашишга рози эди, аммо «ПСЖ» бунга кўнмади.
  • Le Parisien нашри ёзишича, Париждагилар футболчи учун қишда пул тўламасликка қарор қилишган. Foot Mercato маълумотига кўра, француз клуби Усмон билан оғзаки келишувга эришиб қўйган, у ёзда текинга олиб келиниши мумкин. Нима бўлмасин, қолган ярим йилни Дембеле захира ўриндиғида ўтказади.

Умтити – «Арсенал»га ўтиши мумкин эди, аммо кераксиз вақтда жароҳат олди

globallookpress.com

«Барса»да ўрнини йўқотган яна бир француз. Каталонияликлар раҳбарияти маошлар ведомостини енгиллатиш учун Умтитини мавсум якунига қадар бирор клубга ижарага бериш учун ҳаракат қилди. Клуб у билан аввалроқ шартномани янгилаб, унинг маошини камайтирганди, бу эса уни бошқа бир клуб олиб кетишини ҳам осонлаштирарди.

Январь ойи бошида ижара бўйича «Арсенал» билан қарийб келишувга эришилганди. Самюэль икки клубга Обамеянг трансферини ҳал қилишни тезлаштириб ёрдам бериши мумкин эди. Аммо у машғулотлар вақтида жароҳат олди. Ҳимоячи жарроҳлик столига ётди ва у энди уч ойга яқин вақт майдондан ташқарида бўлади.

Мората – «Барселона»га ўтмоқчи эди, аммо Туринда қоладиган бўлди

 Фото: Sergio Ruiz / PRESSINPHOTO

Январь ойи бошида Альваро «Барса»га ўтиши ҳақида гапира бошлашди: агар бу трансфер амалга ошганида у Испаниянинг уч гранд клубида ҳам ўйнашга муваффақ бўлган («Реал» ва «Атлетико»да ўйнаган) тарихдаги учинчи футболчига айланиши мумкин эди.

Трансферларнинг сўнгги кунида Мората учун пойгага «Арсенал» ҳам қўшилди. Испаниялик ҳужумчи билан Артетанинг ёрдамчиси Мигель Молина музокаралар олиб борди. Аммо футболчи мавсум якунига қадар Туринда қолишга қарор қилди.

Бошқа томондан, «Юве» устози Массимилиано Аллегри Моратани жамоанинг янги форварди Душан Влаҳович билан тандем қилиб ўйнатмоқчи. Улар қанчалик самарали ҳаракат қилишини вақт кўрсатади.

Мавзуга оид