Ўзбекистон | 21:57 / 02.02.2022
14508
2 дақиқада ўқилади

Ковид карантини муддати 14 кундан 7 кунга қисқартирилди

Коронавирус юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин ўташ муддати 14 кундан 7 кунгача қисқартирилди. Шунингдек, ўтган йил декабрида қатор давлатлардан кириб келувчилар учун жорий этилган 10 кунлик мажбурий карантин бекор қилинган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда омикрон штаммининг яширин даври қисқалигини инобатга олиб, коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин муддати 14 кундан 7 кунгача қисқартирилади. ССВ хабарига кўра, махсус комиссия халқаро тажрибадан келиб чиқиб шундай қарор қабул қилган.

Шунингдек, айрим давлатлардан Ўзбекистонга кириб келувчи йўловчиларни карантинга жойлаштириш тартиби бекор қилинаётгани ҳақида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2021 йил 30 ноябрдаги 90-сон баёнининг айрим-бандларида белгиланган қуйидаги чеклов ва талаблар бекор қилинмоқда:

  • Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Ҳонгконгдан халқаро авиақатновларни (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатиш;
  • мазкур давлатларда сўнгги 14 кун давомида бўлган учинчи давлат фуқароларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилмаслик;
  • Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келувчи йўловчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган кундан эътиборан 10 кун давомида мажбурий уй карантини ёки уларни ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштириш тартиби бекор қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 декабрдан Европанинг саккиз давлати, шунингдек, Австралия, Исроил ва Мисрдан кириб келувчилар учун 10 кунлик мажбурий карантин жорий этилганди.

Мавзуга оид