Ўзбекистон | 19:52 / 03.02.2022
5503
3 дақиқада ўқилади

Барча шахсларга ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди

Фото: rgcocpa.com

“Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун президент томонидан имзоланди

“Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилди. Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.

Тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш каби ҳаракатларни содир этган юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима солиниши мумкин.

Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади. Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи ҳуқуқбузар томонидан бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, барча юридик ёки жисмоний шахс ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин, илгари - тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахслар.

Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.

Товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

“Фирма номлари тўғрисида”ги қонунда фирма номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби мустаҳкамланди.

Мавзуга оид