«Халқни айбдор кўрманг» – Шерматовнинг UzIMEI борасидаги фикрлари янги саволларни туғдирди
Kun.uz'га интервью берган Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовнинг UzIMEI тизими борасида айтган фикрлари блогерлар ва жамоатчилик томонидан салбий қарши олинди.
Davletov.uz канали муаллифи вазир келтирган сабабларга жавобан одамларнинг ўзини айбдор қилиш энг ёмон тактика эканини таъкидлаган.
«Чет элда ўқиб келган, минглаб одамлар симпатия билан қарайдиган кадр янги курсисига ўтириши билан минглаб одамларнинг қонини сўраётган, асабини емираётган UzIMEI балосига муносабатини кўриб, бир нима дейишга ҳайрон қоласан, киши.
Отнинг калласидек ойлик олиб, катта пуллик тижорат ташкилотида кузатувчилар кенгашида раислик қиладиган одам шунақа абсурд гапларни айтишдан олдин, ҳеч қурса UzIMEI тарафдорларининг эмас, модомики иссиқ кабинетидан кўчага чиқишга ҳафсала қилмаяпти экан, оммавий ахборот воситаларидаги UzIMEI ҳақида материаллар остидаги коментларни ўқиб кўрса бўлар эди.
Телефон сотиб олиш наркотик сотиб олиш эмас, одамнинг ўзини айбдор қилиш — энг ёмон тактика. Қиммат ва IMEI'ли телефон сотиб олиш вазирга муаммо эмасдир, лекин оддий ўзбекистонлик учун бу масала. Ва энг муҳими, арзон ва сифатли телефон сотиб олиш, уни қаердан сотиб олиш — жиноят эмас. Халқни потенциал айбдор сифатида кўрманг. Блогерлар-ку ҳайп қилади, Жаҳон банки вакили эса блогерларга қўшилиб лоббиларнинг айтганини қилади.
Тизимни бошида мен турмаганман, дебди вазир ўзини оқлаган бўлиб. Эсимизда, лавозимга киришган пайтидаёқ UzIMEI’га ташриф буюриб, соддалаштириш ҳақида гапирганди. Ишчи гуруҳ тузишдан ташқари нима иш қилинди экан? Қани натижа? Оператор 75 метр квадрат жойни таъмирлашга миллиард сўмдан ортиқ, афилланган ташкилотдан қандайдир дастурий таъминот сотиб олишга 6 млрд сўмдан ортиқ пул сарфаляпти, лекин зўр келса, бир кунда ҳал бўладиган нарса — 100 кунда ҳам ижобий ечим топмаяпти-ку! Муаммо чинданам тизимни ташкил қилишнинг бошида турганлардадир? Улар ҳеч қаерга кетмаган, худди афсунгар кинолардагидек исми айтилиши керак эмасдир.
Партия линияси аниқ. Бу партия линиясини Марсга юбориб ўқитган кадрингиз ҳам ўзгартиролмайди, шекилли. Масалан, тепадан ҳар ҳайп пайти фикр сўралса, лобби, ҳайпчилар ҳайпи деб жавоб берилса керак. Ҳайпчилар гапираверади, кана эса одамларнинг қонини сўраверади. Гўёки ўзбек халқи бир марта берилган, ҳозир пул қилиш керак», деб ёзади блогер.
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров эса вазир UzIMEI учун тўлов солиқ дея атаганини ҳақида ёза туриб, солиқларни фақат парламент жорий эта олиши ҳақида эслатган.
«Алоқа вазири жаноб Шерматов UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтиш учун тўлов нега қимматлигига жавоб бера туриб, уни солиқ деб атабди.
Конституциямиз, қонунларимиздан яхшигина хабардор, ғарб таълимини кўрган Шерматов солиқларни фақат парламент жорий эта олишини жуда яхши билади, деб ўйлайман. UzIMEI тизимини ҳам, унинг учун учун тўловни ҳам парламент белгиламаган. Солиқ кодексида ҳам акс этмаган.
Келинг майли, Шерматов айтгандай UzIMEI учун тўлов солиқ бўла қолсин. Унда UzIMEI операторига 2019 йилнинг икки ойида тўланган 25 миллиард сўм, 2020 йилда тўланган 150 миллиард сўмга яқин, 2021 йилда тўланган 200 миллиард сўмдан ортиқ пуллар, яъни солиқлар қани? Нега тизим оператори «O‘zbekiston telekommunikatsiya tarmoqlarini boshqarish Respublika markazi» ДУК бу тўғрисида ҳисобот бермайди? Қаерга, мамлакат ичи ва ташқарисидаги қайси ҳисобварақларга ва нима учун ўтказилган бу пуллар? Солиқ бўлса, охирги тийинигача очиқлансин!
Эртага жаноб Шерматов «мен образли тарзда UzIMEI тўловини солиқ деб атадим» деб қолиши ҳам мумкин. Майли, бунисигаям чидаймиз. Айтайлик, IMEI кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш хизмат бўла қолсин. Унда ҳар бир телефон симкартаси учун ундирилаётган 54 000 сўмлик тўловнинг харажат калькуляцияси қандай? Нега 5 400 сўм эмас, ёки нега 540 000 сўм эмас. Бир ҳисоблаб берсинлар унда? Калькуляция Антимонополия тасдиғидан ўтганми? Ахир «O‘zbekiston telekommunikatsiya tarmoqlarini boshqarish Respublika markazi» ДУК монополист-ку!
Ҳа, айтгандай, Шерматовдан яна IMEI тизими – бутун дунёда қилинадиган тизим, деган фикрлар янграбди. Жаноб Шерматов пуллик рўйхатга олинувчи IMEI тизими яна қайси мамлакатда мавжудлигига ва хизматлар учун тўлов миқдори тўғрисида аниқлик киритсин, марҳамат. Кутиб қоламиз», - деб ёзади иқтисодчи.
Саволлар очиқ қоляпти
«UzIMEI тизимини Шерматов яратмаган, ростанам. Энди вазир ҳимояланишга мажбур. Лекин одамларга ўзинг айбдорсан деб, танқид қилган блогерларни лоббичига чиқариб ҳимояланиш жуда-жуда нотўғри.
Саволлар эса очиқ қоляпти. Нега пуллик? Нима учун бунча қиммат? 100 долларлик телефон ҳам шу пулни тўлайди, 2 минг долларлик ҳам, ҳар бир сим-слотдан 54 мингдан – намунчааа??? Битта телефонга қарийб 10 доллардан ётяпти устига (агар 2 сим-слотли телефон бўлса).
Ноқонуний нарсани қонуний майдонга ўтказиш, солиқ ва бож тушумини орттириш учун яна истеъмолчидан тўлов олинишида қандай мантиқ бор? Қонунийлик учун қўшимча тўловми бу?» дея савол қўяди блогер Шаҳноза Соатова.
Kun.uz билан суҳбатлашган АКТ вазири Шерзод Шерматов бир неча йилдан буён эътирозларга сабаб бўлаётган UzIMEI тизими борасида фикр билдириб, бу тартиб жорий қилиниши ортидан Ўзбекистонга бир йилда олиб кириладиган мобил қурилмалар 7–9 мингдан 3 миллионтага ошгани ҳақида гапирганди.
Шунингдек, Шерматов солиқчилар билан бўлаётган келишмовчиларнинг сабаби соядаги иқтисодиётни қонунийлаштириш билан боғлаган.
«Масалага комплекс қараш керак. Битта мавзуни олиб, қаттиқ гапириб, ҳайп қилиш мумкин, лекин бизни вазифамиз шов-шув қилиш эмас. Бизнинг вазифамиз масалани комплекс таҳлил қилиб, унинг муаммосини топиш. Асосий масала соядаги иқтисодиётда бўлган. Сиз божхона ҳақида гапирдингиз, лекин бизда инсон омилига боғлиқ жойлар жуда кўп. Мен юқорида айтган рақамлар ҳам шу тизим қандай ишлаганини кўрсатади», - деган вазир.
Шерматов, шунингдек тизимни нега пулли бўлиши кераклиги ҳақида ҳам гапирди:
«Пулли бўлиши керакда. Солиқ тўлашингиз керакку. Ҳеч нарса текинга бўлмайдику. Солиқ тўлагандан кейин иш бўладида. ИМEИ шов-шуви нимадан чиқяпти ўзи? Сизда, менда, мана бу ерда ўтирганларда у катта муаммо бўлмайди. Тасаввур қилинг, сиз 2-3 млн. мобил телефон олиб кираётгандингиз. Бунда солиқ давлатга эмас, кимнингдир чўнтагига тушардику. Ўша нолегал бозор, легалга айлантирилгандан кейин кимнингдир манфаатлари йўқоляпти. Ўша одамлар шов-шувларни бошлаяпти.
… Мен ҳам эътирозларни интернетда ўқиганман, лекин мен унинг [IMEI тизимига ўтиш] бошида турмаганман. Мен буни нотўғри нарса эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қиляпман».
Вазирнинг маълум қилишича, айни кунларда экспертлар, UzIMEI'ни ишлаб чиққанлар, иқтисодчилар иштирокида ишчи гуруҳ тузилган ва масала ўрганилмоқда.
Яқинда жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси, эксперт Винаяк Нагараж UzIMEI «тушунарсиз бюрократик» тизимлигини қайд этиб, Ўзбекистонни орқага тортаётган сиёсатлардан бири эканлиги ҳақида ёзиб чиқди. Бунинг ортидан UzIMEI тизими билан боғлиқ масалалар яна кун тартибига чиқди.
Ўзбекистонда 2020 йилдан мобил қурилмаларни IMEI тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш бошланган вақтда кўплаб тушунмовчилик ва норозиликлар пайдо бўлганди. Хусусан, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилгани маълум бўлганди.
«Менинг фикрим» порталига ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан IMEI кодларни рўйхатга олишда тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича киритилган жамоавий мурожаат эълон қилинганидан сўнг бир йил ўтиб Қонунчилик палатаси томонидан рад қилинган.
Kun.uz жамиятни қийнаб келаётган ушбу тизим борасида экспертлар ва жамоатчилик фаолларининг фикрлари, таклиф ва танқидларини жамлаб, бериб келмоқда.
Тизимдаги камчиликлар юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУКка 2021 йил ноябр ойида Kun.uz томонидан юборилган журналистик сўровга эса вазирлик жавоб ҳам, изоҳ ҳам бермади.
2021 йил октябрь ойида «Ўзбекистон ТТБРМ» ДУКка борган ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов яқин келажакда мобил телефон рақамларини кўчириш тизими ишга туширилиши ҳамда IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун осонлаштириши ҳақида гапирди, лекин бу ҳам ҳозирча қуруқ гаплигича қолиб кетди.
Бундан ташқари, ўтган йиллар мобайнида UzIMEI тизимида ноқонуний мобил телефонларни рўйхатдан ўтказиш учун минглаб фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини ўғирлаган шахслар устидан очилган жиноий ишлар юзасидан ҳам жавоб берилмаяпти.
Мавзуга оид
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
18:24 / 15.03.2024
Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади
09:05 / 15.03.2024
“Америкага қилинган умумий экспортнинг ярмидан кўпи IT кесимига тўғри келади” – Шерзод Шерматов
11:21 / 22.01.2024