Ўзбекистон | 19:59 / 04.02.2022
8073
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўқитувчиларнинг пулини ўзлаштирган мактаб директори қамалди

Фото: KUN.UZ

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида қўл остида ишловчи ўқитувчиларнинг пулини талон-торож қилган мактаб директори белгиланган жаримани тўламагани учун 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз туманида яшовчи мактаб директори А.Б. ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб, қўл остидаги ўқитувчиларнинг пулини талон-тарож қилганлиги сабабли, Жиноят кодексининг 167-моддаси «в», «г» бандлари ҳамда 209-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилган.

Суд қарори билан А.Б. 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, БҲМнинг 100 баравари миқдорида, яъни 17 миллион 224 минг сўм жарима жазосига тортилган.

Суд қарори ижросини таъминлаш учун МИБ Шаҳрисабз туман бўлими ижро ҳаракатларига киришган ва А.Б. белгиланган қарздорликни бартараф этмагани, ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шундан сўнг давлат ижрочиси жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судига Жиноят кодексининг 44-моддасига асосан мазкур жазони бошқа жазо турига алмаштириш тўғрисида тақдимнома киритган.

Жорий йилнинг 1-феврал куни суд ҳолатни  кўриб чиқиб, тақдимномани қаноатлантирган. Қарздор А.Б.нинг 4 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва оилавий шароити инобатга олиниб, жазо тури 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид