Ўзбекистон | 10:44 / 07.02.2022
29683
3 дақиқада ўқилади

Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосари 50 минг доллар олаётганда ушланди

Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари ҳокимликдан кетган бўлса-да, фуқаронинг ишончига кириб, 80 000 АҚШ доллари сўраб, ундан 50 000 долларни олаётганда қўлга олинган.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, 2022 йил 7 феврал куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида бир қатор долзарб масалаларга доир йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда вилоятда коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳисоботи берилган.

Вилоят ҳокими Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари ҳокимликдан кетган бўлса-да, фуқаронинг ишончига кириб, 80 000 АҚШ доллари сўраб, ундан 50 000 долларни олаётганда қўлга олинганини маълум қилган.

«Бугундан вилоятда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қилмоқчиман. Энди ҳамма ташкилотлар ишхонамиз шаъни деб яшириб ўтиришни йиғиштиради. Ташкилот ёки ҳокимлик шаънини эмас, давлатимиз шаъни ва ривожланишини ўйласак, яхши бўлар эди. Мана, Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари ҳокимликдан кетган бўлса-да, фуқаронинг ишончига кириб, 80 000 АҚШ долларидан 50 000 долларни олаётганда қўлга тушган. Бу ишда туман ҳокимини ҳам оқламайман. Ижтимоий тармоқларни ўқидингизми,“балиқ бошидан” деган гаплар чиқяпти. Афсуски, бу гапларда жон бор.

Миришкорга борганимда нуронийлар йўлимга чиқиб, туман марказига ичимлик сув олиб келинг, деганди. Шу ишлар билан шуғулланмасдан фақат ўзини ўйлайдиган, тез бойишни ўйлайдиган жамоа йиғилганми ҳокимликда?» деган Мурод Азимов.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев 50 минг доллар билан қўлга тушгани ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28, 211- (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Маълумот учун, Қашқадарёда ҳоким ўринбосарларидан бири пора билан қўлга тушгани ҳақида 2022 йил 6 феврал куни вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берганди. Kun.uz манбаси унинг Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосарларидан бири эканини маълум қилганди.

Мавзуга оид